“O‘rta Lectura”: Ўзбекистон инвестиция ва ислоҳотлар марказига айланмоқда
Июнь 24, 2026. 14:00 • 3 дақ
• 22МАДРИД, 24 июнь. /“Дунё” АА/. Испаниянинг “O‘rta Lectura” нашрида V Тошкент халқаро инвестиция форуми ҳамда Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга бағишланган турли мақолалар эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Материалларда қайд этилишича, сўнгги йилларда Ўзбекистон иқтисодий, илмий ва маданий тараққиётни таъминлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширмоқда. Бу жараён мамлакатнинг халқаро майдондаги нуфузини ошириб, хорижий инвесторлар ва ҳамкорларнинг қизиқишини кучайтирмоқда.
V Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида ўтказилган учрашувларда ҳам иқтисодий, илмий ва маданий масалалар кенг муҳокама қилинди.
Ушбу нуфузли форум жараёнида халқаро молиявий институтлар, йирик консалтинг компаниялари ва экспертлар иштирок этиб, муҳим минерал ресурслар соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш, таъминот занжирларининг барқарорлигини таъминлаш ва инвестицияларни жалб қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон критик аҳамиятга эга минерал ресурсларни иқтисодий тараққиёт ва энергетик ўтишнинг муҳим омили сифатида кўрмоқда. Мамлакатда қонунчилик такомиллаштирилмоқда, геология-қидирув ишлари кенгайтирилмоқда ва инвесторлар учун қулай шарт-шароитлар яратилмоқда. Бугунги кунда 25 турдаги муҳим минерал ресурсларни ўзлаштиришга қаратилган 100 дан ортиқ инвестиция лойиҳаси шакллантирилган.
Шу билан бирга, Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар нафақат иқтисодиёт, балки илм-фан ва маданият соҳаларини ҳам қамраб олмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган Учинчи Ренессанс ғояси мамлакат тараққиётининг муҳим йўналишига айланган. Ушбу концепция тарихий меросни замонавий илм-фан, инновациялар ва таълим билан уйғунлаштиришни мақсад қилади.
Бу ғоянинг ёрқин намунаси сифатида Тошкент шаҳрида барпо этилган Ислом цивилизацияси марказини келтириш мумкин. Марказ нафақат тарихий ёдгорликлар ва қўлёзмаларни сақлаш, балки илмий тадқиқотлар, таълим ва маърифий фаолият учун ҳам муҳим майдон ҳисобланади. Бу ерда дунёдаги энг қадимий Қуръон нусхаларидан бири – Усмон мусҳафи сақланади.
Учинчи Ренессанс концепцияси Ўзбекистоннинг буюк аждодлари – Муҳаммад ал-Хоразмий, Абу Али ибн Сино, Абу Райҳон Беруний, Мирзо Улуғбек ва Алишер Навоий каби алломаларнинг илмий меросини давом эттиришга қаратилган. Бугун мамлакат рақамли технологиялар, сунъий интеллект, инновацион иқтисодиёт ва замонавий таълим тизимини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Шу тариқа, Ўзбекистон иқтисодий модернизация, инвестициялар жалб қилиш ва илмий-маърифий тараққиётни бирлаштирган ҳолда янги тараққиёт босқичига қадам қўймоқда. Мамлакатнинг мақсади – бой тарихий меросга таянган ҳолда замонавий, очиқ ва рақобатбардош давлатни барпо этишдир.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси


