“Okaz” газетаси: Саудия–Ўзбекистон иқтисодий ҳамкорлиги стратегик босқичга чиқмоқда

Июнь 24, 2026. 09:37 • 2 дақ

54
“Okaz” газетаси: Саудия–Ўзбекистон иқтисодий ҳамкорлиги стратегик босқичга чиқмоқда

АР-РИЁЗ, 24 июнь. /“Дунё” АА/. Нуфузли “Okaz” газетасида Саудия–Ўзбекистон ишбилармонлар кенгаши бош директори Файсал Абдулло билан ўтказилган интервью эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Суҳбатда V Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий ва сармоявий шерикликнинг бугунги ҳолати, истиқболлари ҳамда хусусий сектор вакилларини қўллаб-қувватлаш механизмлари атрофлича муҳокама қилинган.

Ишбилармонлар кенгаши бош директори Тошкент инвестиция форумининг халқаро миқёсдаги нуфузи йилдан йилга ошиб бораётганини алоҳида эътироф этган. Унинг таъкидлашича, ушбу анжуман доирасида Саудия–Ўзбекистон ишбилармонлар кенгашининг 7-йиғилиши муваффақиятли ўтказилгани Риёз ва Тошкент ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар янги, стратегик босқичга чиққанининг яққол далилидир.

“Бизнинг асосий вазифамиз икки давлат раҳбариятининг сиёсий иродасига таянган ҳолда ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш ва хусусий сектор ўртасидаги алоқаларни янги босқичга олиб чиқишдир. Форум сармоядорлар ва тадбиркорлар учун самарали мулоқот майдонига айланди. Биз Саудия компанияларининг Ўзбекистон бозорига хавфсиз кириб бориши, улар учун мавжуд имтиёзлар ҳақида маълумотлар тақдим этиш ва юзага келиши мумкин бўлган масалаларни тезкор ҳал этишда яқиндан кўмаклашмоқдамиз”, деган Файсал Абдулло.

Шунингдек ўқинг

Мулоқот давомида икки томонлама ҳамкорлик учун истиқболли соҳалар сифатида энергетика, тоғ-кон саноати, инфратузилма, туризм, қишлоқ хўжалиги, логистика ва соғлиқни сақлаш йўналишлари кўрсатиб ўтилган. Ушбу тармоқлар Саудия Арабистонининг “Нигоҳ–2030” миллий дастури мақсадлари ва Ўзбекистоннинг ривожланиш режаларига тўлиқ ҳамоҳангдир.

Файсал Абдулло форум доирасида Саудия ва Ўзбекистон ширкатлари ўртасида қатор шартнома ва англашув меморандумлари имзоланганини маълум қилган. Шунингдек, у анжумандан кейинги асосий устувор вазифа – эришилган барча келишувларни амалий босқичга ўтказиш ва уларни реал инвестиция лойиҳаларига айлантириш эканини билдирган.

Интервью якунида Саудия–Ўзбекистон ишбилармонлар кенгаши келгусида ҳам икки мамлакат давлат ва хусусий секторлари ўртасида доимий мулоқотни таъминлаши, қўшма савдо ва инвестиция миссияларини ташкил этиш орқали шериклик географиясини анъанавий тармоқлардан ташқари инновациялар ва юқори технологиялар соҳаларига кенгайтириши таъкидланган.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш