Россия матбуоти Ўзбекистонда Иккинчи жаҳон урушининг энг кекса фахрийси вафот этгани ҳақида хабар бермоқда
Июнь 23, 2026. 19:12 • 2 дақ
• 99МОСКВА, 23 июнь. /“Дунё” АА/. Россиянинг “Коммерсант”, “РБК”, “РИА Новости”, “Аргументы и факты”, “Регнум” каби йирик оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистонда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг энг кексаси Рўзибой Сатторовнинг вафоти ҳақида материаллар эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Хабарларда қайд этилишича, Рўзибой Сатторов 116 ёшида Қашқадарё вилояти Қамаши туманида вафот этган. У Ўзбекистонда Иккинчи жаҳон уруши иштирокчиларининг энг ёши улуғи сифатида эътироф этилган.
Рўзибой Сатторов Сталинград фронтида ўқчи (снайпер) сифатида хизмат қилган. Унинг ҳаёти нафақат фронтдаги хизмат, балки урушдан кейинги узоқ йиллик хотира ва меҳнат фаолияти билан ҳам аҳамиятли экани таъкидланади.
Материалларда Ўзбекистоннинг Иккинчи жаҳон урушидаги иштирокига оид умумий статистик маълумотлар ҳам келтирилган. Жумладан, Иккинчи жаҳон уруши пайтида 6,8 миллион аҳолиси бўлган Ўзбекистондан жами 2 миллионга яқин киши урушга кетган. Уларнинг 748 мингдан ортиғи ҳалок бўлган ёки бедарак йўқолган. Қашқадарё вилоятидан эса 47 мингдан зиёд инсон урушга кетган бўлиб, уларнинг тахминан 22 мингигина уйига қайтган.
Шунингдек, уруш йилларида Ўзбекистон фронт ортида муҳим таянч базалардан бири бўлгани, бу ерга 1,5 миллионга яқин эвакуация қилинган аҳоли, жумладан 250 мингга яқин етим болалар қабул қилингани алоҳида таъкидланган. Вилоятлардан фронтга озиқ-овқат, кийим-кечак ва ҳарбий эҳтиёжлар учун зарур маҳсулотлар узлуксиз юбориб турилган.
Манбаларда Рўзибой Сатторовнинг Президент топшириғига биноан, 2025 йилда Мудофаа вазирлигининг Ҳарбий ҳаво кучларига қарашли самолётда парвоз қилгани ҳам эсга олинган. Бу унинг узоқ умр ва фронт хотиралари билан боғлиқ орзуларидан бирининг амалга оширилиши сифатида қайд этилган.
Россия оммавий ахборот воситаларида чоп этилган материалларда Рўзибой Сатторовнинг ҳаёти Иккинчи жаҳон уруши тарихи ҳамда Ўзбекистон халқининг фронт ва фронт ортидаги фидокорона иштироки билан узвий боғлиқ ҳолда ёритилган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси



