Покистон ОАВ: Ўзбекистон БМТ доирасида иқлим ўзгаришига қарши курашда минтақани бирлаштиришга қаратилган муҳим ташаббусларни илгари сурмоқда
Сентябрь 21, 2025. 12:36 • 3 дақ
• 45
ИСЛОМОБОД, 21 сентябрь. /"Дунё" АА/. Покистоннинг "Election Times" онлайн платформаси ва "Daily Ittehad" газетасида "Ўзбекистоннинг иқлим ўзгариши ва сув хавфсизлиги бўйича минтақавий ташаббуслари" сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар қиляпти "Дунё" АА мухбири.

Муаллиф ўз мақоласи муқаддимасида ёзганидек, сув ҳаётдир. Бугунги кунда сувнинг қадр-қиммати ва аҳамияти, шунингдек, ушбу ҳаётий ресурсга бўлган талаб дунё миқёсида муттасил ортиб бормоқда. Мутахассислар буни иқлим ўзгариши, қадимги музликларнинг қисқариши, саноатнинг ўсиши, аҳоли сонининг кўпайиши ва бунинг натижасида озиқ-овқатга бўлган талабнинг ошиши каби омиллар билан изоҳламоқда.
"Ўзбекистон иқлим ўзгаришига қарши курашда минтақани бирлаштиришга қаратилган муҳим иқлим ташаббусларини фаол илгари сурмоқда. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ушбу ташаббуслари минтақа давлатлари томонидан изчил қўллаб-қувватланмоқда. Хусусан, 2023 йил 14 сентябрда бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг бешинчи маслаҳат учрашувида Ўзбекистон Иқлим ўзгаришига мослашиш бўйича Минтақавий стратегияни ишлаб чиқиш ташаббусини эълон қилди", – дейилган нашрларда.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Президенти Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2023 йил 19 сентябрдаги 78-сессиясидаги нутқида "Марказий Осиё глобал иқлим муаммоларига дуч келмоқда: умумий фаровонлик йўлида бирдамлик" деб номланган резолюцияни қабул қилишни таклиф қилган эди.
Ушбу ташаббус, биринчи навбатда, Марказий Осиёда глобал иқлим ўзгариши таҳдидларини бартараф этишга қаратилган бўлиб, ҳам минтақавий, ҳам халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадамдир. Ташаббус ҳамжиҳатлик тамойилларига асосланиб, Марказий Осиё мамлакатлари барқарор ривожланиш ва бутун минтақа халқлари фаровонлигига бевосита таъсир кўрсатувчи чўлланиш ва сув хавфсизлиги каби долзарб муаммоларга қарши биргаликда курашиш зарурлигини таъкидлайди.
"2025 йил 4 апрель куни Самарқандда Халқаро иқлим форуми бўлиб ўтди. Унда Марказий Осиё олдида турган долзарб иқлим муаммолари муҳокама қилинди, экологик барқарорлик, "яшил" иқтисодий ривожланиш, иқлим ўзгаришига қарши курашишда минтақавий ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилди. Минтақа давлатлари Марказий Осиёда иқлим ўзгаришига мослашиш стратегиясини бир овоздан маъқулладилар",
Амударё ва Сирдарё ҳавзаларида жойлашган Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари сув йўллари ва сув манбалари орқали бир-бири билан чамбарчас боғланган. Бугунги шароитда сув Марказий Осиё халқлари учун тинчлик ва фаровонликни таъминлашнинг энг муҳим омилларидан бирига айланди.
Мамлакат Президенти Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессиясидаги нутқида Марказий Осиёда сувни тежовчи технологиялар платформасини яратишни ҳам таклиф қилган эди. У 2025 йил 4 апрель куни Самарқанд халқаро иқлим форумидаги нутқида бу масалага яна бир бор урғу берди.
"Ўзбекистон Республикасининг 2020-2030 йилларда сув хўжалигини ривожлантириш концепцияси ва "Ўзбекистон — 2030" стратегиясида сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича улкан вазифалар белгиланган. Ўзбекистон қурғоқчил минтақада, океанлар ва катта денгизлардан узоқда жойлашган давлатдир. Прогнозларга кўра, глобал иқлим ўзгариши таъсирида минтақада сув ресурслари қисқаришда давом этади, аҳоли сонининг ўсиши ва саноат ривожланиши натижасида сувга бўлган талаб ортиб бораверади. Бундай шароитда Ўзбекистон Президенти томонидан минтақа хавфсизлиги ва фаровонлигини таъминлаш борасида илгари сурилган ташаббуслар ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлиб, уларнинг самарадорлиги ҳаётий самаралар билан ўз исботини топмоқда", – деб ёзилган Покистон ОАВда эълон қилинган мақолаларда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
“OIC Journal”: Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарларидаги ҳар бир тошда узоқ тарих мужассам
“The Financial Times”: Ўзбекистонлик ёш гроссмейстерлар жаҳон шахмат майдонини забт этмоқда