Logo

Покистон ОАВ: Ўзбекистон БМТ билан ҳамкорликда гиёҳвандлик ва жиноятчиликка қарши курашда катта натижаларга эришмоқда

Сентябрь 22, 2025. 07:43 • 3 дақ

40
Покистон ОАВ: Ўзбекистон БМТ билан ҳамкорликда гиёҳвандлик ва жиноятчиликка қарши курашда катта натижаларга эришмоқда

ИСЛОМОБОД, 22 сентябрь. /"Дунё" АА/. Покистоннинг оммабоп оммавий ахборот воситалари Ўзбекистоннинг гиёҳвандлик ва жиноятчиликка қарши кураш соҳасида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти билан ҳамкорлиги ва натижаларни кенг ёритди, деб хабар қиляпти "Дунё" АА мухбири.

Жумладан, ушбу мамлакатнинг "Election Times" ва "World News" онлайн платформалари ҳамда "Pakistan in the World" журналида "Бирлашган Миллатлар Ташкилоти билан ҳамкорлик доирасида гиёҳвандлик ва жиноятчиликка қарши курашиш: асосий натижалар ва ютуқлар" сарлавҳали мақолалар эълон қилинди.

Нашрда қайд этилганидек, глобаллашув шароитида гиёҳвандлик воситалари, психофаол моддалар ва уларнинг прекурсорларининг ноқонуний айланиши инсоният хавфсизлиги ва барқарор тараққиётига жиддий таҳдид сифатида намоён бўлмоқда.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 2024 йилги Жаҳон наркотиклар ҳисоботига кўра , дунё бўйлаб тахминан 300 миллион киши (ҳар 17 кишидан бири ) гиёҳванд моддаларни истеъмол қилади. Уларнинг 60 миллиондан ортиғи опиоидларга қарамликдан азият чекмоқда.

Айни пайтда, синтетик гиёҳванд моддаларнинг тарқалиши тез суръатлар билан ўсиб бормоқда, айниқса уларнинг интернет орқали ва криптовалютадан фойдаланиш орқали тарқатилиши . Бу жараённи янада хавфли ва деярли назорат қилиб бўлмайдиган ҳолга келтиради.

UNODC (Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси) гиёҳванд моддаларни назорат қилиш, жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш соҳасида етакчи халқаро орган ҳисобланади.

"Ўзбекистоннинг UNODC билан ҳамкорлиги унинг 1993 йилда Тошкентда очилган ва бугунги кунда ҳам ўз фаолиятини давом эттираётган Марказий Осиё минтақавий ваколатхонаси орқали амалга оширилмоқда. Мазкур идора наркотик моддаларни суиистеъмол қилиш ва уларнинг ноқонуний айланишига, шунингдек, уюшган жиноятчилик, коррупция ва терроризмга қарши курашишда амалий ёрдам кўрсатмоқда", – дейилади мақолаларда.

Юқорида санаб ўтилган таҳдидларнинг олдини олиш мақсадида Ўзбекистонда ўтган йили илк бор 2024-2028 йилларга мўлжалланган Наркотиклар ва гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятларга қарши курашиш бўйича Миллий стратегия қабул қилинган эди. Ушбу Стратегиянинг 30-бандида ҳам Ўзбекистон ва БМТ Наркотиклар ва жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси ўртасидаги ҳамкорлик муҳимлиги қайд этилган.

 Мақолаларда БМТ Наркотикларга қарши курашиш бошқармаси ва Наркотикларга қарши курашиш халқаро кенгаши (INCB) билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистоннинг Австриядаги элчихонасида биринчи котиб лавозими жорий этилгани маълум қилинган. Ушбу ташаббус мамлакатнинг халқаро форумлардаги иштирокини ва БМТ билан боғлиқ ташаббусларни тизимли равишда илгари суриш қобилиятини мустаҳкамлайди.

"Бу борада Ўзбекистоннинг БМТнинг Наркотик моддалар бўйича комиссияси (CND) доирасидаги ҳамкорлигини кенгайтириш устувор вазифа ҳисобланади. CND БМТнинг гиёҳванд моддаларни назорат қилиш тизимидаги асосий сиёсатни ишлаб чиқарувчи орган ҳисобланади. Унинг вазифалари қаторига глобал вазиятни мунтазам равишда таҳлил қилиш, гиёҳвандликка қарши кураш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, назорат тизимини мустаҳкамлаш киради. Ўзбекистоннинг Комиссияга тўлақонли аъзо бўлиши мамлакатга глобал қарорларда иштирок этиш, ҳамкорликни кенгайтириш ва халқаро майдонда ўз ташаббусларини илгари суриш имконини беради", – деб ёзган Покистон ОАВ.

Ўзбекистон ҳам БМТ доирасида қабул қилинган халқаро конвенция ва протоколларга қўшилди ва уларнинг ижросини таъминлаш бўйича изчил чора-тадбирлар кўрмоқда. Кейинги йилларда миллий қонунчилик замон талабларига мослаштирилди, жиноятчиликнинг янги шаклларига қарши ҳуқуқий механизмлар мустаҳкамланди.

UNODC билан ҳамкорлик Ўзбекистон Наркотик моддаларни назорат қилиш миллий ахборот-таҳлил маркази орқали амалга оширилади. Бундан ташқари, Марказий Осиё минтақавий хавфсизликни таъминлашда Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва уларнинг прекурсорларининг ноқонуний айланишига қарши курашиш бўйича Марказий Осиё минтақавий ахборот-мувофиқлаштириш марказининг ўзига хос ва ҳал қилувчи ролини алоҳида таъкидлаш зарур.

Мақолалар хулосасида, "Ўзбекистон БМТ билан ҳамкорликда гиёҳвандлик ва жиноятчиликка қарши курашда катта натижаларга эришмоқда. Мамлакатда БМТнинг халқаро дастур ва механизмлари билан интеграциялашган ҳолда наркотик моддалар тарқалишига қарши самарали чора-тадбирлар амалга оширилмоқда", – деб урғуланган.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш