Покистон ОАВ: Ўзбекистон ЮНЕСКО билан ҳамкорликда таълим, фан ва спорт соҳаларидаги халқаро меъёр ва тамойилларни изчил тарзда амалга жорий этиб келмоқда
Октябрь 27, 2025. 13:59 • 3 дақ
• 37
ИСЛОМОБОД, 27 октябрь. /"Дунё" АА/. Покистоннинг "The Diplomatic Insight" ва "Margalla Tribune" журналлари, "Islamabad Post" ва "Daily Ittehad" газеталари, "World News Pakistan", "Diplomatic Affairs", "MNN News" ва "Election Times" онлайн янгиликлар платформаларида олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шариповнинг "Ўзбекистон ва ЮНЕСКО: таълим, фан ва маданият соҳаларидаги ҳамкорликнинг янги босқичи" сарлавҳали мақоласи эълон қилинди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Нашрлар аввалида таъкидланганидек, бугунги кунда Ўзбекистон халқаро майдонда таълим, фан, маданият ва инновациялар соҳасидаги ҳамкорликни изчил ривожлантирар экан, бу жараёнда ЮНЕСКО билан муносабатлар алоҳида ўрин тутади. Мамлакат 1993 йилда ЮНЕСКОга аъзо бўлган бўлиб, бу қадам миллий таълим тизими, илмий салоҳият ва маданий меросни дунё ҳамжамияти билан уйғунлаштириш йўлида муҳим тарихи босқич бўлди. 1996 йилда Тошкент шаҳрида ЮНЕСКО ваколатхонасининг очилиши Ўзбекистон ва ташкилот ўртасидаги муносабатларни янги босқичга кўтарди. Шунингдек, ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Миллий комиссияси фаолияти йўлга қўйилиб, у барқарор ҳамкорликни таъминлаб келмоқда.
"Ўзбекистон ЮНЕСКО билан ҳамкорлик жараёнида таълим, фан ва спорт соҳаларидаги халқаро меъёр ва тамойилларни изчил тарзда амалга жорий этиб келмоқда, – қайд этган муаллиф. – Бу борадаги муҳим қадамлардан бири — мамлакатимиз 1997 йилда таълим тизимида тенглик ва адолатни таъминлаш ғояларини илгари сурадиган, 1960 йилда қабул қилинган "Таълим соҳасида камситишга қарши кураш тўғрисидаги конвенция"ни ратификация қилганидир. Ўша йилнинг ўзидаёқ Ўзбекистон 1989 йилда қабул қилинган «Техник ва касбий таълим тўғрисидаги конвенция"га ҳам қўшилди. Бу қадам ёшларнинг замонавий касб ва малака эгаси бўлиш имкониятларини кенгайтириш, таълимни ҳаёт билан чамбарчас боғлашга хизмат қилди".
Шу тариқа мазкур муҳим қадамлар Ўзбекистоннинг халқаро таълим маконида ўз ўрнини мустаҳкамлаши, ҳамда инсон салоҳиятини ривожлантиришга қаратилган сиёсатини чуқур ифода этади. Ушбу ҳужжатларга қўшилиш Ўзбекистоннинг таълим соҳасида тенглик ва сифат, ёшлар саломатлиги ва соғлом турмуш тарзини таъминлаш, ҳамда касбий таълимни жаҳон андозаларига мос равишда такомиллаштириш йўлидаги қатъий позициясини намоён этади.
Муаллифга кўра, айни пайтда мамлакатимиз ЮНЕСКОнинг Олий таълим соҳасида малакаларни тан олиш тўғрисидаги глобал конвенциясига қўшилиш бўйича амалий ишлар олиб бормоқда. Ушбу конвенция халқаро таълим тизимини яқинлаштириш, диплом ва малакаларни ўзаро эътироф этиш, талабалар ва олимлар мобиллигини кенгайтиришни кўзда тутади. Бу ташаббус мамлакатимиз олий таълим тизимини халқаро миқёсда янада очиқ ва рақобатбардош этишга, чет эл университетлари билан ҳамкорликни кенгайтиришга ҳамда ўзбекистонлик битирувчиларнинг халқаро меҳнат бозорида муносиб ўрин эгаллашларига хизмат қилади.
Покистон ОАВда эълон қилинган мақолаларда ёзилганидек, "Ўзбекистон ЮНЕСКО билан ҳамкорликда таълим ва фан соҳасидаги илғор ғояларни ҳаётга татбиқ этиш, халқаро стандартларга мувофиқ малакали мутахассислар тайёрлаш йўлида изчил саъй-ҳаракатларни амалга ошириб келмоқда. Бу жараёнда мамлакат нафақат аъзо давлат сифатида, балки илмий-инновацион ташаббусларни илгари сураётган фаол ҳамкор сифатида намоён бўлаётир".
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
“OIC Journal”: Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарларидаги ҳар бир тошда узоқ тарих мужассам
“The Financial Times”: Ўзбекистонлик ёш гроссмейстерлар жаҳон шахмат майдонини забт этмоқда
Кувайт ОАВ: Ўзбекистон туристлар учун жозибали мамлакатга айланмоқда