Logo

Покистон ОАВ Ўзбекистоннинг қишлоқ туризми салоҳияти ҳақида ёзмоқда

Май 27, 2025. 13:30 • 2 дақ

53
Покистон ОАВ Ўзбекистоннинг қишлоқ туризми салоҳияти ҳақида ёзмоқда

ИСЛОМОБОД, 27 май. /"Дунё" АА/. Покистоннинг етакчи оммавий ахборот воситалари Ўзбекистоннинг қишлоқ туризми салоҳиятини, кичик туризм қишлоқларининг ўзгача маданияти, урф-одати ва бетакрор табиатини кенг ёритяпти, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Жумладан, мазкур мамлакатнинг "Global News Pakistan" ва "Diplomatic News Agency" ахборот агентликлари, "Pakistan in the World" журнали, "Islamabad Post" газетаси, "The Gulf Observer", "The Europe Today" ва "World News" янгиликлар онлайн платформаларида Сурхондарё вилоятидаги Сангардак, Омонхона ва Наманган вилоятидаги Чодак қишлоқлари тўғрисида туркум мақолалар эълон қилинди.

Уларда Ўзбекистоннинг қишлоқ туризми салоҳияти сайёҳлар учун очилмаган ўзига хос қирралари ҳақида сўз юритган. Хусусан, Сурхандарё вилоятининг гўзал табиати, бетакрор шаршаралари, тоза ҳавоси ва меҳмондўст халқи ҳақидаги илиқ таассуротларни қаламга олган.

Нашрларда Сангардак, Омонхона ва Чодак каби муҳим сайёҳлик манзиллари ҳақидаги маълумотларга алоҳида тўхталиб ўтилган. Ушбу жойларнинг фусункор табиати, урф-одатлари, шифобахш сувлари ва туристик салоҳияти ҳар қандай сайёҳни мафтун этиши урғуланган.

Материалларда Сурхондарё вилоятидаги Сангардак шаршараси ҳамон туристик маршрутлар соясида қолаётган табиат мўжизаси эканлиги таъкидланган. Бу яширин марварид она табиат билан ёлғиз қолишни ва ҳақиқий саргузаштларни хушкўрадиганларни ўзига оҳанграбодек тортади. Шаршара тоғ қоясидан отилиб тушади, унинг суви ёз фаслларида кўпаяди, куздан бошлаб камая бошлайди. Маҳаллий аҳолининг айтишича, унинг зилол суви тоғлардаги музликларнинг эришидан оқиб келади.

"Сурхандарё вилоятининг гўзал тоғлари қўйнида ажойиб маскан- Омонхона жойлашган. Бу шунчаки қишлоқ эмас, балки табиат, тарих ва инсон руҳининг ноёб уйғунлигидир. Омонхона – сеҳрли гўзаллик, шифобахш булоқлар, қадимий анъаналар ва самимий меҳмондўстлик тимсолидир. Омонхона Ўзбекистоннинг сайёҳлик харитасидан ҳақли равишда мажбурий ташриф буюриладиган жой сифатида ўрин олишга лойиқдир" , – дейилган мақолаларда.

Шунингдек, нашрда Ўзбекистондаги Чодак 4000 йилдан ортиқ тарихга эга бўлган абадий қишлоқ, бой маданий меросини ҳайратланарли табиат гўзаллиги билан уйғунлаштирган маскан сифатида таърифланади. Ҳудуд ўз урф-одатлари, қишлоқ ҳаёти, анъанавий боғдорчилик ва деҳқончилик усулларини сақлаб қолгани қайд этилади.

Покистон ОАВ ўз хулосасида "Сангардак, Омонхона ва Чодак шунчаки харитадаги нуқталар эмас – бу яна ва яна қайтиб келгингиз келадиган маскан. Улар бизга энг муҳими оддийликдаги гўзаллик, табиат кучи ва мамлакат руҳи энг самимий жойларда кашф этилишини эслатиб туради", – деб ёзган.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш