Покистон ОАВ: Янги Ўзбекистоннинг маърифий сиёсати Марказий Осиёда янги уфқларни очмоқда
Ноябрь 30, 2025. 12:01 • 3 дақ
• 46
ИСЛОМОБОД, 30 ноябрь. / “Дунё” АА/. Покистоннинг етакчи “The Times Union” ва “Election Times” нашрларида Ўзбекистон маданият вазири Озодбек Назарбековнинг Янги Ўзбекистоннинг маърифий сиёсатига бағишланган мақоласини эълон қилди.
“Биз халқимизнинг энг бахтли фарзандларимиз, – деб ёзган мақоласи муқаддимасида вазир Озодбек Назарбеков. – Жадид боболаримиз орзу қилган кунларни кўриш, улар истаган келажакни яратиш бизга насиб этмоқда. Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашуви доирасидаги тадбирлар давомида бунга яна бир марта амин бўлдим”.
У, шунингдек, кейинги йилларда Марказий Осиё дунё сиёсий харитасида янгича қиёфа касб этганини урғулаган. “Бугун минтақа давлатлари рақобатчи эмас, ҳамкор, тараққиёт йўлида биргаликда бораётган ишончли иттифоқчилар экани эътироф этилди. Шу боис бошқа минтақалар, қудратли давлатлар биз билан ҳисоблашиб, келажагини Марказий Осиё руҳи билан уйғун ҳолда кўрмоқда. Бу бежиз эмас. Чунки, халқаро майдонда турли зиддиятлар, фақат моддий манфаатларни илгари суриш авж олди. Ана шундай бир вазиятда Президент Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий иродаси, оқилона қарорлари билан минтақамизда мутлақ янги, халқимизга хос бағрикенглик сиёсати устуворлик касб этди”, – деб таъкидланган нашрда.
Муаллиф қайд этганидек, Ўзбекистон Президенти Марказий Осиё руҳини уйғотишда, аввало халқларимизни янада яқинлаштириш йўлидан борди. Муносабатларни янги босқичга чиқаришда адабиёт, санъатнинг кучидан оқилона фойдаландик. Хусусан, мамлакатларимиз маданият вакиллари ўртасида турли тадбирлар, фестиваллар уюштирилди. Давлат раҳбарлари ташрифлари доирасида санъат, маданият намояндаларининг чиқиши, катта концертлар қўйилиши одатий тусга айланди.
“Президентимиз ҳамкасбларига китоб совға қилишни анъанага айлантирди. Очиғи ўша вақтда биз буларни фақат маданий алоқалар доирасидагина тушунганмиз. Даврнинг ўзи кўрсатяптики, Президентимиз танлаган йўл халқларнинг юрагига кириб бориш йўли экан”, – дея урғулаган Ўзбекистон маданият вазири.
Мақолаларда, шунингдек, сўнги йилларда “Марказий Осиё плюс” форматидаги муносабатлар кучайгани урғуланган. Минтақа халқаро майдонда ягона позицияни намоён этмоқда. Айни пайтда жаҳон иқтисодиётига фаол интеграциялашяпти. Инвестициявий жозибадорлик ошиб, учинчи бозорларга экспорт имкониятлари кенгаймоқда, транзит салоҳияти ўсмоқда. Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашуви Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан ташкил этилган эди. Унинг еттинчи Маслаҳат учрашувига давлатимиз раҳбари раислик қилди. Ушбу даврда ҳамкорлигимиз ниҳоятда самарадор бўлди. Ҳамкорлик салоҳиятини янада ошириш мақсадида 20 дан ортиқ йирик тадбирлар ўтказилди.
“Ислом цивилизацияси марказида ўтказилган “Марказий Осиё: умумий маънавий-маърифий мерос – умумий келажак” мавзусидаги халқаро конгресс доирасида Марказий Осиё ва Озарбайжон маданият вазирлари билан илк бора учрашув ўтказдик. Унда кўп томонлама ҳамкорликнинг турли масалалари кўриб чиқилди. Маданият ва санъатнинг турли йўналишларидаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилдик. Минтақавий маданий ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати, истиқболдаги режалар ҳақида фикр алмашдик”, – деган муаллиф.
Озодбек Назарбековнинг ёзишича, маданий меросни ўрганиш, тиклаш ва рақамлаштириш бўйича ҳам қўшма лойиҳаларни кенгайтирадиган бўлдик. Бундан ташқари, ёш ижодкорлар ўртасидаги алмашинув дастурларини ривожлантирамиз. Бунда семинар, конференция ва ёзги мактабларни ташкил этиш масалалари бўйича келишувга эришдик. Шунингдек, маданият ва санъат йўналишида кадрлар тайёрлаш ва малака ошириш борасида ҳамкорликни кучайтириш масаласида фикр алмашдик. Муҳими, “Марказий Осиё маданий бренди”ни ишлаб чиқиш ҳақида ижобий фикрлар айтилди.
Мақолалар якунида “Янги Ўзбекистоннинг маърифий сиёсати Марказий Осиёда янги уфқларни очаётган бир паллада унга муносиб бўлиш шу юртнинг ҳар бир фарзандининг ҳам фарзи, ҳам қарзидир”, – дейилган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
“OIC Journal”: Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарларидаги ҳар бир тошда узоқ тарих мужассам
“The Financial Times”: Ўзбекистонлик ёш гроссмейстерлар жаҳон шахмат майдонини забт этмоқда
Кувайт ОАВ: Ўзбекистон туристлар учун жозибали мамлакатга айланмоқда