Раж Кумар Шарма: Бош вазир Нарендра Модининг Тошкентга ташрифи ўзаро муносабатларни стратегик боғлиқлик даражасига олиб чиқди

Сентябрь 09, 2026. 12:30 • 3 дақ

155
Раж Кумар Шарма: Бош вазир Нарендра Модининг Тошкентга ташрифи ўзаро муносабатларни стратегик боғлиқлик даражасига олиб чиқди
Ўзбекистон Президенти Матбуот хизмати архивидан олинган сурат

ДЕҲЛИ, 9 сентябрь. /“Дунё” АА/. Ҳиндистоннинг нуфузли “NatStrat” таҳлил маркази етакчи илмий ходими, Марказий Осиё масалалари бўйича эксперт Раж Кумар Шарма томонидан “Бош вазир Модининг Тошкентга ташрифи: Стратегик шерикликдан стратегик ўзаро боғлиқлик сари” сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мақолада таъкидланишича, Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Модининг Ўзбекистонга амалга оширган ташрифи икки мамлакат муносабатларини Комплекс стратегик шериклик даражасига кўтарди. Икки томонлама ҳамкорликда уран, муҳим минераллар, кончилик, мудофаа, рақамли инфратузилма, савдо, шаҳарсозлик, таълим ва транспорт-коммуникация соҳалари янги таянч устунларига айланмоқда. Бу жараён Ҳиндистоннинг “Viksit Bharat 2047” концепциясини Президент Шавкат Мирзиёев илгари сурган Янги Ўзбекистон тараққиёт концепцияси билан уйғунлаштирмоқда.

Муаллиф Бош вазир Модининг Ўзбекистоннинг олий давлат мукофоти - “Олий Даражали Дўстлик” ордени билан тақдирланганини қайд этиб, тарихий ва маданий яқинлик эндиликда аниқ ҳамда амалий стратегик манфаатларга айланаётганини таъкидлайди. Шунингдек, вазирлар даражасидаги Мувофиқлаштирув кенгаши ва Қўшма комиссия фаолиятини такомиллаштириш муносабатларга кучли институционал асос бағишлайди.

Энергетика ва ресурслар соҳасида узоқ муддатли уран етказиб бериш келишуви ҳамда муҳим минераллар бўйича ҳамкорлик Ҳиндистоннинг тоза энергетика ва юқори технологиялар соҳасидаги таъминот занжирларини диверсификация қилишга хизмат қилади. Ушбу йўналишда Тошкентдаги Геология фанлари университети ва Ҳиндистон муассасалари ўртасидаги ҳамкорлик ҳам алоҳида ўрин тутади.

Шунингдек ўқинг

Иқтисодий соҳада товар айланмасини 2030 йилга бориб 5 миллиард долларга етказиш вазифаси қўйилган. Бунинг учун логистика, Чобаҳор порти имкониятлари ва транспорт йўлакларидан фойдаланиш, божхона жараёнларини рақамлаштириш ҳамда нотариф тўсиқларни бартараф этиш талаб этилади. Рақамлаштириш соҳасида эса Ҳиндистоннинг UPI тизими тажрибаси асосида финтех, электрон ҳукумат ва рақамли хизматларни ривожлантириш истиқболли ҳисобланади.

Мақолада, шунингдек, Гужарат–Самарқанд ва Ҳарьяна–Фарғона каби ҳудудлараро ҳамкорлик, Оролбўйи минтақасини экологик тиклаш учун Ҳиндистон томонидан 1 миллион доллар ажратилиши ҳамда Афғонистондаги вазият ва терроризмга қарши кураш бўйича хавфсизлик мулоқотининг муҳимлиги кўрсатиб ўтилган.

Экспертнинг хулоса қилишича, Бош вазир Модининг Тошкентдаги музокаралари ва ундан сўнг Бишкекдаги ШҲТ саммитида иштирок этиши Ҳиндистоннинг Марказий Осиёдаги дипломатияси янада етук, амалий ва кўп қиррали босқичга ўтганидан далолат беради.

Ўзбекистон Президенти Матбуот хизмати архивидан олинган сурат

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш