Абдусамад Ҳайдаров: Мустақиллик Ўзбекистоннинг миллий тараққиёти ва халқаро нуфузини таъминловчи манбага айланди

Сентябрь 09, 2026. 13:00 • 3 дақ

133
Абдусамад Ҳайдаров: Мустақиллик Ўзбекистоннинг миллий тараққиёти ва халқаро нуфузини таъминловчи манбага айланди

ТОШКЕНТ, 9 сентябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ҳузуридаги Дипломатик академия директори, Эрондаги собиқ элчи, профессор Абдусамад Ҳайдаров “Правда Востока” газетасига интервью бериб, мустақилликнинг 35 йили давомида юртимизда амалга оширилган ислоҳотлар ҳақида фикр билдирди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мамлакатимизнинг Эрондаги собиқ элчиси интервью давомида ташқи сиёсат йўналишидаги ўзгаришлар, Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорликнинг мустаҳкамланиши ҳамда Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузи тобора юксалиб бораётганини алоҳида таъкидлаган.

Профессорнинг сўзларига кўра, мустақиллик йилларида мамлакатимизда давлатчиликнинг мустаҳкам институционал пойдевори шакллантирилди. Миллий бошқарув, молия ва банк иши тизимлари яратилди. Ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётига асос солиниб, мудофаа қобилияти ва миллий хавфсизлик мустаҳкамланди.

Шу билан бирга, 2016 йилдан сўнг Ўзбекистон кенг кўламли тизимли ислоҳотлар, иқтисодиётни либераллаштириш, давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш ва ташқи сиёсатни фаоллаштиришга асосланган янада жадал ва очиқ ривожланиш моделига ўтди.

Ўзгаришларнинг энг муҳим натижаларидан бири ташқи сиёсат йўналиши моҳиятининг ўзгариши бўлди. Ўзбекистон ташқи сиёсати янада очиқ, прагматик, конструктив ва проактив тусга эга бўлди. Унинг негизида сиёсий мулоқот, ўзаро манфаатли ҳамкорлик, яхши қўшничилик ва мамлакатнинг иқтисодий манфаатларини илгари суриш тамойиллари белгиланди.

Дипломатиянинг асосий вазифалари қаторида суверенитетни мустаҳкамлаш, Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорликни сақлаш, мувозанатли стратегик шериклик тизимини ривожлантириш ҳамда Ўзбекистоннинг халқаро ташаббусларини илгари суриш белгилаб берилди.

Суҳбат чоғида Ўзбекистон ташқи сиёсатининг асосий устувор йўналиши этиб белгиланган Марказий Осиёга алоҳида эътибор қаратилган. Олим таъкидлаганидек, сўнгги йилларда қўшни мамлакатлар билан барча соҳада муносабатлар сезиларли даражада мустаҳкамланиб, тобора кенгаймоқда.

Академия директори минтақа мамлакатлари ўртасида мунтазам тўғридан-тўғри мулоқот механизмини яратган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувларининг ўрнини алоҳида қайд этган. Бундай учрашувларнинг ўтказилиши минтақавий ҳамкорлик ҳамда Марказий Осиё хавфсизлиги, барқарорлиги ва умумий масъулиятни англашни шакллантиришга ёрдам бермоқда.

Мулоқотнинг алоҳида бир қисми Ўзбекистоннинг ташқи алоқалари географиясини кенгайтиришга бағишланган. Профессор таъкидлаганидек, Россия ва Хитой билан сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий, энергетика ва транспорт соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантириш баробарида АҚШ ва Европа Иттифоқи билан ҳам алоқалар кенгайиб бормоқда.

Профессор Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги ўрни юксалиб бораётганини таъкидлаб, мамлакатнинг янада ташаббускор кўп томонлама дипломатияга ўтаётганини қайд этган. Юртимиз БМТ ҳамда бошқа халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасида ўз ташаббусларини фаол илгари сурмоқда.

Абдусамад Ҳайдаров мустақилликнинг 35 йиллик даврида давлат суверенитетининг изчил мустаҳкамланиши, Ўзбекистоннинг халқаро майдонда ўз ўрни ва нуфузига эга бўлаётганини энг асосий ютуқлар сифатида эътироф этган.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш