Logo

Ҳиндистоннинг етакчи нашри муҳарририга "Олтин қалам" мукофоти топширилди

Сентябрь 20, 2025. 09:36 • 2 дақ

101
Ҳиндистоннинг етакчи нашри муҳарририга "Олтин қалам" мукофоти топширилди

ДЕҲЛИ, 20 сентябрь. /"Дунё" АА/. Жанубий Осиё Халқаро мухбирлар клубида (Foreign Correspondents’ Club of South Asia - FCC) "Business India" журнали маслаҳатчи муҳаррири Йеши Селига "Олтин қалам" мукофотини тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Таниқли ҳинд журналисти жорий йил ўтказилган "Олтин қалам" XIX Миллий мукофоти учун халқаро танловда "Чет эллик журналистнинг Ўзбекистон ҳақидаги энг яхши материали учун" номинацияси бўйича 2-ўринни қўлга киритган эди.

FCC президенти Ваил Аввад Ўзбекистонда сўнгги йилларда амалга оширилаётган янгиланиш жараёни халқаро майдонда, жумладан, Ҳиндистонда ҳам катта қизиқиш уйғотаётгани, бу эса, ўз навбатида, чет эл оммавий ахборот воситалари саҳифаларида Янги Ўзбекистон ҳақида туркум материаллар чоп этилишига сабаб бўлаётганини таъкидлади.

Ўзбекистон элчихонаси вакиллари ўзбек ва ҳинд халқлари ўртасидаги илдизлари асрларга бориб тақаладиган анъанавий дўстлик ришталарини янги босқичга кўтариш борасидаги саъй-ҳаракатларда журналистлар ва оммавий ахборот воситалари ходимларининг алоҳида ўрни борлигини қайд этди. 

Жорий йилги халқаро танловда 500 дан ортиқ журналист, жумладан, хорижлик мухбирлар 7 минг 100 дан зиёд мақола ва бошқа жанрлардаги материаллар билан қатнашганига эътибор қаратилди.

Хориж оммавий ахборот воситалари вакиллари тақдим этган ижодий ишларда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижалари, хусусан, ижтимоий-иқтисодий соҳада эришилаётган ютуқлар, юртимизнинг экспорт ва туризм салоҳияти, аҳоли учун яратилаётган қулайликлар кенг ёритиб ўтилгани билдирилди.

Шундан сўнг "Business India" журнали маслаҳатчи муҳаррири Йеши Селига "Олтин қалам" мукофоти тантанали тарзда топширилди.

– "Олтин қалам" мукофоти учун жуда миннатдорман, – дейди Йеши Сели. – Ҳиндистон ва Ўзбекистон ҳамкорлиги ҳақида мақолалар ёзиш мен учун катта шараф. Ушбу жараёнда жуда кўп нарсаларни ўзим учун кашф қилдим. Мамлакатларимиз ўртасидаги тарихий алоқалар бугун мустаҳкам савдо-иқтисодий муносабатлар билан ривож топмоқда. Ўзбекистонда 350 дан ортиқ ҳинд компанияси фаолият юритмоқда, қатор ҳинд университетлари ўз кампусларини очган. Шунингдек, минглаб ҳиндистонлик ёшлар Ўзбекистонда таълим олмоқда. Ишонаманки, икки томонлама алоқалар янада мустаҳкамланиб бораверади.

Тадбир иштирокчилари Ўзбекистон ва Ҳиндистон ҳамкорлигининг истиқболлари хусусида ўзаро фикр алмашди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш