Хитой иқлим ўзгаришига қарши глобал курашни узлуксиз давом эттиради
Июнь 22, 2026. 20:00 • 3 дақ
• 85
ПЕКИН/ПАРИЖ, 22 июнь. /“Дунё” АА/. Айрим мамлакатларнинг йўқлигига қарамай, иқлим ўзгаришига қарши кураш бўйича глобал саъй-ҳаракатлар давом эттирилади, деб баёнот берди Хитой Экология ва атроф-муҳит вазири Хуан Жунсю, дея хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири “Reuters”га таяниб.
Вазирнинг сўзларига кўра, айрим давлатларнинг халқаро келишувлардан чиқиши туфайли кўп томонлама жараён тўхтамайди ва секинлашмайди, дунёнинг кам углеродли иқтисодиётга ўтиши эса ортга қайтмас жараёнлигича қолади.
Ушбу баёнот Хитой, Европа Иттифоқи ва Канада томонидан БМТнинг иқлим бўйича музокараларининг (COP) навбатдаги раунди арафасида уюштирилган учрашувда янгради. Мазкур музокаралар ноябрь ойида АҚШ иштирокисиз ўтказилади, чунки Президент Дональд Трамп январда мамлакатни Иқлим бўйича Париж битимидан олиб чиққан эди.
Вазир, шунингдек, Эрон атрофидаги уруш ва у келтириб чиқарган нефть-газ таъминотидаги узилишлар экологик тоза энергетикага ўтиш заруратини янада кучайтирганини таъкидлади.
“Эрондаги уруш туфайли юзага келган энергетика инқирози барча томонларни яшил ва кам углеродли ривожланиш бир вақтнинг ўзида ҳам энергетик ўтишни, ҳам энергия хавфсизлигини таъминлашга ёрдам беришини яна бир бор англашга мажбур қилди”, – деб қайд этди Хуан Жунсю.
Шу билан бирга, бир қатор Европа мамлакатлари ғайритабиий жазирамага дуч келди. Францияда юқори ҳарорат туфайли келиб чиққан соғлиқ билан боғлиқ муаммолар оқибатида уч киши вафот этди.
“Meteo France” метеорология хизмати маълумотларига кўра, бугунги кунда мамлакатнинг 49 та департаментида хавфлиликнинг қизил даражаси эълон қилинган. Бордо шаҳрида ҳаво ҳарорати 42 даражадан ошиши мумкин.
Франция Соғлиқни сақлаш вазири Стефани Ристнинг айтишича, мамлакатни камида бир неча кун давом этадиган ўта иссиқ об-ҳаво кутмоқда, ҳароратнинг пасайиш муддати эса ҳозирча номаълум.
Жазирама туфайли Франциядаги 2,7 мингга яқин мактаб ёпилади ёки иш тартибини ўзгартиради.
Испанияда “Aemet” давлат метеорология агентлиги Басклар ўлкасида хавфлиликнинг қизил даражасини эълон қилди. Сан-Себастьян шаҳрида ҳарорат 40 даражага етиши мумкин, бу эса мазкур сана учун тарихий меъёрдан икки баробардан зиёддир.
“Aemet” вакили Рубен дел Кампонинг сўзларига кўра, айни пайтда Испаниянинг кўплаб ҳудудларида ҳарорат иқлим меъёридан 5–10 даража юқори, айрим шимолий минтақаларда эса бу тафовут 10 даражадан ошади.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йили ғайритабиий жазирама бутун Европа бўйлаб ҳарорат рекордларини янгилаган ва минтақадаги 400 минг гектардан ортиқ ерни йўқ қилган йирик ва кучли ўрмон ёнғинларининг келиб чиқишига сабаб бўлган эди.
“Reuters” агентлиги сурати
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси