Ўзбекистон Президентининг Петербург халқаро иқтисодий форумидаги иштироки Покистон таҳлил-марказлари эътиборида
Июнь 20, 2026. 16:25 • 3 дақ
• 35
ИСЛОМОБОД, 20 июнь. /“Дунё” АА/. Покистоннинг “Pakistan Research Center for a Community with Shared Future” (PRCCSF) таҳлилий маркази “Ишонч, технология ва инсон капитали: Ўзбекистон–Россия ҳамкорлиги учун янги устувор йўналишлар” сарлавҳали таҳлилий мақолани эълон қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Унда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 5 июнь куни бўлиб ўтган 29-Петербург халқаро иқтисодий форумининг ялпи йиғилишидаги нутқининг мазмун-моҳияти батафсил таҳлил қилинган. Нашр аввалида қайд этилганидек, Ўзбекистон Раҳбарининг Санкт-Петербург шаҳрига ташрифи Ўзбекистон-Россия стратегик шериклигини ривожлантириш ва Евроосиё учун янги иқтисодий кун тартибини шакллантиришда муҳим босқич бўлди.
“Жаҳон иқтисодиётида чуқур таркибий ўзгаришлар кечаётган бир пайтда мазкур форум нафақат бизнес мулоқоти майдони, балки савдо, инвестициялар, саноат кооперацияси, рақамли трансформация, таълим, касбий тайёргарлик ва инсон капиталини ривожлантириш соҳаларида амалий ечимлар ишлаб чиқиладиган платформа ҳисобланади. Форумнинг асосий ғояси – барқарор келажак сари йўл сифатида прагматик мулоқот – Янги Ўзбекистоннинг ташқи иқтисодий сиёсатига тўла мос келади”, – дейилган материалда.
Бугунги кунда халқаро ҳамкорликдаги прагматизм расмий баёнотлар билан чекланмайди. У ишонч, ўзаро манфаат ва аниқ натижаларга асосланган конкрет лойиҳаларни англатади. Мазкур ёндашув Ўзбекистоннинг Россия ва бошқа стратегик шериклар билан муносабатларини тобора кўпроқ белгилаб бермоқда.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг форумдаги нутқи Ўзбекистон халқаро иқтисодий ҳамкорликка кенг стратегик нуқтаи назардан ёндашаётганини намоён этди.
Бугунги дунё туб ўзгаришлар даврига қадам қўймоқда. Транспорт йўналишлари ўзгармоқда, янги ишлаб чиқариш занжирлари шаклланмоқда, рақамли платформалар, сунъий интеллект, логистика, энергетик хавфсизлик ва технологик суверенитетнинг аҳамияти ортиб бормоқда.
Рақобат эндиликда фақат ресурсларга эгалик қилиш билан эмас, балки технологиялар, муҳандислик ечимлари, малакали кадрлар ва юқори меҳнат унумдорлигини яратиш салоҳияти билан белгиланмоқда.
“Шу нуқтаи назардан Ўзбекистон учун Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форумида иштирок этиш алоҳида аҳамиятга эга. Мамлакат барқарор иқтисодий ўсишни намоён этмоқда, ташқи савдони кенгайтирмоқда, экспорт ҳажмини оширмоқда ва инвестициявий ҳамкорликни мустаҳкамламоқда. Бу тенденциялар миллий иқтисодиётнинг тобора очиқ, рақобатбардош ва узоқ муддатли ривожланишга йўналтирилганини кўрсатади. Россия Ўзбекистоннинг асосий савдо-иқтисодий шерикларидан бири бўлиб қолмоқда”, – деб ёзган эксперт таҳлилида.
Шу билан бирга, нашрда Ўзбекистон-Россия ҳамкорлигининг янги босқичи анъанавий савдодан янада мураккаб ҳамкорлик шаклларига ўтишни талаб этаётгани, булар саноат кооперацияси, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, технологик ҳамкорлик, қўшма муҳандислик лойиҳалари ва малакали мутахассислар тайёрлашдан иборатлиги таъкидланган.
Покистон таҳлил маркази, шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Президентининг Евроосиё технологик индустриаллаштириш камарини шакллантириш ташаббуси алоҳида аҳамият касб этишини қайд этган. Унинг моҳияти –замонавий рақамли платформа асосида ўзаро боғланган ишлаб чиқариш ва технологик кластерларни ташкил этишдир, деб таъкидланган.
“Президент Шавкат Мирзиёевнинг Петербург халқаро иқтисодий форумига иштироки Ўзбекистон–Россия ҳамкорлиги янада етук ва сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилаётганини намоён этди. Савдо кўрсаткичлари ҳануз муҳим аҳамиятга эга бўлиб қолмоқда, бироқ иқтисодий ҳамкорликнинг сифати тобора устувор аҳамият касб этмоқда: технологик иттифоқлар, саноат кооперацияси, рақамли интеграция, муҳандислик таълими, кадрлар салоҳиятини ривожлантириш ҳамда фуқаролар учун амалий манфаатлар шулар жумласидандир”, – деб ёзилган мақолада.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси