ТХИФ-2026: 43,1 миллиард долларлик инвестициявий битимлар имзоланди
Июнь 20, 2026. 15:55 • 2 дақ
• 63ТОШКЕНТ, 20 июнь. /“Дунё” АА/. V Тошкент халқаро инвестиция форуми якунларига кўра, умумий қиймати 43,1 миллиард АҚШ долларига тенг бўлган 166 та инвестициявий келишув имзоланди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мазкур битимларнинг 31,8 миллиард долларлик қисми 139 та янги лойиҳани ҳаётга татбиқ этишни кўзда тутади.
Бу йилги форумда иштирок этиш учун жами 10 минг 409 киши рўйхатдан ўтди. ТХИФ-2026 ишида дунёнинг 102 та мамлакатидан 3 минг 802 нафар хорижий делегат фаол қатнашди.
Анжуманда иқтисодиётнинг реал сектори вакиллари бўлган компаниялар етакчилари сони 3 минг 145 нафарга етди, бу эса ўтган йилги кўрсаткичга нисбатан қарийб 1,5 мингтага кўпдир. Форумда иштирок этган компаниялар тасарруфидаги умумий активлар ҳажми тахминан 42 триллион долларни ташкил қилди.
Бундан ташқари, тадбирларда турли давлатлардан 76 нафар ҳукумат вакиллари иштирок этди. Қийёслайдиган бўлсак, ўтган йили уларнинг сони 26 нафарни ташкил этган эди.
Форумнинг ишчи дастури доирасида жами 79 та тадбир, жумладан, 34 та панель мунозараси, 7 та икки томонлама бизнес-форум ва 8 та инвестициявий тақдимот ўтказилди. Икки томонлама бизнес-форумлар АҚШ, Хитой, Жанубий Корея, Туркия, Озарбайжон, Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликлари вакиллари иштирокида ташкил этилди.
Ҳозирги вақтда Хорижий инвесторлар кенгашига иқтисодиётнинг 23 та тармоғидан 19 мамлакатнинг 85 та компанияси аъзо бўлди. Бунга қадар Кенгаш таркибига 54 та компания кирган эди.
Хорижий инвесторлар кенгаши фаолиятининг асосий натижалари қаторида 21 та ташаббуснинг илгари сурилгани, 8 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси тайёрлангани, 16 та ишчи гуруҳ тузилгани ҳамда 50 дан ортиқ йиғилиш ва учрашувлар ўтказилганини қайд этиш мумкин.
Нуфузли анжуман воқеаларини дунёнинг 41 мамлакатининг 123 та халқаро оммавий ахборот воситаситаларидан келган 209 нафар хорижий ОАВ ва медиаиндустрия ходимлари кенг ёритди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси

