Ўзбекистон ва АҚШ стратегик ва иқтисодий шерикликнинг янги босқичига қадам қўймоқда

Октябрь 19, 2026. 18:00 • 2 дақ

• 218
Ўзбекистон ва АҚШ стратегик ва иқтисодий шерикликнинг янги босқичига қадам қўймоқда

ОСТОНА, 19 октябрь. /“Дунё” АА/. Қозоғистоннинг “Infozakon” нашрида АҚШ давлат котиби Марко Рубионинг Самарқандга ташрифи, Ўзбекистон–АҚШ муносабатлари динамикаси ҳамда “C5+1” формати истиқболларига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мақолада ёзилишича, Самарқандда бўлиб ўтадиган “C5+1” саммити Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, инвестицияларни жалб қилиш ва минтақавий алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.

2015 йилда ташкил этилган “C5+1” формати бугунги кунда Марказий Осиё мамлакатлари ва АҚШ ўртасидаги сиёсий мулоқот, иқтисодий ҳамкорлик ва хавфсизлик масалаларини муҳокама қилишнинг муҳим майдонига айланди. 2023 йилда Нью-Йоркда ўтказилган саммитдан сўнг ҳамкорлик савдо, инвестиция, транспорт, энергетика ва муҳим минераллар соҳаларида янги босқичга кўтарилди.

2025 йил ноябрь ойида Вашингтонда бўлиб ўтган саммит доирасида минтақа мамлакатлари учун умумий қиймати 25 миллиард доллардан ортиқ савдо ва инвестиция келишувлари эълон қилинди. Ушбу келишувлар авиация, қишлоқ хўжалиги техникаси, темир йўл инфратузилмаси, рақамли технологиялар ва муҳим минералларни ўзлаштириш каби йўналишларни қамраб олди.

Шунингдек ўқинг

Нашрда қайд этилишича, Ўзбекистон–АҚШ иқтисодий ҳамкорлиги изчил кенгаймоқда. 2017–2025 йилларда икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 4,7 баробарга ошиб, 1 миллиард долларга етди. 2026 йил январь–август ойларида эса ўзаро савдо 810,4 миллион долларни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 33,4 фоизга ўсди.

Ҳамкорликни ривожлантиришда янги молиявий механизмлар ҳам муҳим ўрин тутмоқда. АҚШ Халқаро молиявий тараққиёт корпорацияси (DFC) билан ташкил этилган қўшма инвестиция платформаси энергетика, транспорт, инфратузилма, муҳим минераллар ва юқори технологиялар соҳаларидаги истиқболли лойиҳаларни молиялаштириш имкониятларини кенгайтиради.

Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг муҳим минералларни қазиб олиш ва қайта ишлаш бўйича АҚШ билан ҳамкорлиги саноатни ривожлантириш, замонавий технологияларни жорий этиш ва юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун янги имкониятлар яратади.

Самарқанддаги учрашувнинг асосий вазифаларидан бири эришилган келишувларни аниқ лойиҳаларга айлантириш, хусусий инвестицияларни жалб қилиш ва бизнес учун қулай шароитларни кенгайтиришдан иборат.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш