“Exact Press International”: Ўзбекистоннинг Транскаспий транспорт йўлаги орқали юк ташиш ҳажми сўнгги беш йилда икки бараварга ошди
Октябрь 18, 2026. 17:00 • 2 дақ
• 117
ИСЛОМОБОД, 18 октябрь. /“Дунё” АА/. Покистоннинг “Exact Press International” нашрида “Транскаспий халқаро транспорт йўлагини ривожлантириш орқали Осиёнинг транспорт боғлиқлигини мустаҳкамлаш” сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Нашрда халқаро таъминот занжирларининг ўзгариши ва Осиёда савдо ҳажмининг кенгайиши барқарор транспорт йўналишларига бўлган талабни ошираётгани маълум қилинган. Қайд этилишича, бизнес учун юкларни етказиб бериш муддатларининг аниқлиги, рақобатбардош тарифлар ва хорижий бозорларга ишончли кириш имконияти тобора муҳим аҳамият касб этмоқда.
Бундай шароитда Хитой ва Марказий Осиёни Каспий денгизи ҳамда Жанубий Кавказ орқали Туркия ва Европа билан боғловчи Транскаспий халқаро транспорт йўлаги минтақавий ҳамкорликнинг муҳим йўналишига айланмоқда.
Ўзбекистон учун, денгизга тўғридан-тўғри чиқиш имконияти мавжуд бўлмаган шароитда, мазкур йўлакни ривожлантириш ташқи савдо йўналишларини диверсификация қилиш сиёсатининг муҳим таркибий қисми ҳисобланади.
Ўзбекистоннинг ушбу жараёндаги иштироки бир вақтнинг ўзида мазкур йўналишнинг юк ташиш салоҳиятини ошириш ва Осиё давлатлари ўртасидаги транспорт алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Мақолада мазкур йўналишга бўлган талабнинг ортиб бораётгани Ўзбекистон юкларини ташиш ҳажмининг ўсиши билан ҳам ифодаланган. 2025 йил якунларига кўра, ушбу йўналиш орқали ташилган юклар ҳажми 1,2 миллион тоннани ташкил этиб, сўнгги беш йилда икки бараварга ошди. Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқи мамлакатлари билан юк ташиш ҳажмида Ўрта йўлакнинг улуши 2021 йилдаги 12 фоиздан 2025 йилда 28 фоизга етди.
Ҳамкорликнинг муҳим механизмларидан бири Осиё-Тинч океани минтақасини Хитой, Қирғизистон, Ўзбекистон, Туркманистон, Озарбайжон, Грузия ва Туркия орқали Европа билан боғловчи CASCA+ халқаро мультимодал транспорт йўналишидир.
Шунингдек, мақолада Транскаспий йўлагини ривожлантиришда Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темир йўлининг стратегик аҳамияти катта эканлиги урғуланган.
Келгусида Ўзбекистон–Афғонистон–Покистон темир йўли лойиҳасини илгари суриш ва уни Транскаспий йўналиши билан боғлаш Жанубий Осиёнинг Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ билан алоқаларини кенгайтириш имконини бериши мумкинлиги эътироф этилган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси