Logo

Ўзбекистон Президентининг БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессиясидаги нутқи Хитой оммавий ахборот воситаларининг диққат марказида

Сентябрь 25, 2025. 17:51 • 2 дақ

99
Ўзбекистон Президентининг БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессиясидаги нутқи Хитой оммавий ахборот воситаларининг диққат марказида

ПЕКИН, 25 сентябрь. /"Дунё" АА/. Хитойнинг "Синьхуа", "Target", "Victvo", "Lookwe", "Psearcher"  каби етакчи оммавий ахборот воситалари Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессиясидаги нутқини кенг ёритди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Нашрларда қайд этилишича, Ўзбекистон Президенти мамлакатда амалга оширилаётган, Барқарор ривожланиш мақсадларига тўлиқ мос келадиган қайтариб бўлмайдиган ислоҳотлар ҳақида батафсил тўхталиб ўтди. Мамлакат демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат – Янги Ўзбекистон қуриш сиёсатини изчил давом эттираётгани таъкидланди.

"Сўнгги йилларда Ўзбекистонда камбағаллик даражаси 35 фоиздан 6,6 фоизга камайган. Бунга, биринчи навбатда, таълим ва илм-фанни ислоҳ қилиш, инновацион ишлаб чиқаришлар ва технологик саноат корхоналарини барпо этиш, яшил энергетикани ривожлантириш ва транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш, кичик бизнесни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва бунинг натижасида миллионлаб иш ўринлари яратиш орқали эришилди", – дейилган мақолаларда.

Хитой ОАВ Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишларига алоҳида эътибор қаратган. Глобал ва минтақавий хавфсизлик масалалари нуқтаи назаридан Ўзбекистон Президенти Афғонистондаги вазиятга тўхталди. Афғон халқининг тинч ва хавфсиз ҳаётга бўлган интилишларини қўллаб-қувватлаш учун халқаро ҳамжамиятнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштиришга чақириб, мамлакат яккаланиб қолишининг олдини олиш муҳимлигини таъкидлади.

"Ўзбекистон раҳбари Афғонистон орқали ўтувчи халқаро транспорт ва энергетика йўлакларини ривожлантириш бўйича БМТнинг алоҳида резолюциясини қабул қилишни таклиф қилди", – дея қайд этилган материалларда.

  Нашрларда, шунингдек, Ўзбекистон жамиятда бағрикенглик сиёсатини изчил амалга ошириб, маърифий ислом ғояларини бутун дунёда чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб этишни фаол давом эттириши урғуланган.

"Яқин ойларда Тошкентда минтақа учун ягона бўлган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази очилади. БМТда буюк аждодлар – мутафаккир ва алломалар Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридийнинг бой маънавий ва илмий меросининг махсус тақдимоти режалаштирилган", – дейилади мақолаларда.

Хитой ОАВ ёзганидек, Президент Шавкат Мирзиёев маърузаси якунида Янги Ўзбекистон дунёнинг барча давлатлари билан ҳамжиҳатлик, очиқ мулоқот ва яқин ҳамкорлик тарафдори эканини, халқлар, маданиятлар ва цивилизациялар ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлаш, инсоният мақсадларига эришишга ҳисса қўшишга тайёр эканини таъкидлади.

 

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш