Logo

Ўзбекистон Президентининг "Камбағалликдан фаровонлик сари" III халқаро форумининг очилиш маросимидаги нутқи Хитой ОАВ диққат марказида

Сентябрь 18, 2025. 18:16 • 3 дақ

62
Ўзбекистон Президентининг "Камбағалликдан фаровонлик сари" III халқаро форумининг очилиш маросимидаги нутқи Хитой ОАВ диққат марказида

ПЕКИН, 18 сентябрь. /"Дунё" АА/. Хитойнинг етакчи оммавий ахборот воситалари – "Синьхуа" ахборот агентлиги, "Жэньминь жибао" газетаси, "Китай" журнали, "CGTN" ва бошқалар Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Наманганда ўтаётган "Камбағалликдан фаровонлик сари" III халқаро форумининг очилиш маросимидаги нутқини кенг ёритмоқда, деб хабар қиляпти "Дунё" АА мухбири.

Нашрларда Ўзбекистон ва Хитой ҳар томонлама стратегик шериклар сифатида ўзаро манфаатли барча соҳаларда фаол ҳамкорлик қилаётгани қайд этилган. Камбағалликка барҳам бериш ана шундай изланаётган соҳалардан бири ҳисобланади.

"Ўзбекистон Президенти ва Хитой Раиси Си Цзиньпин ташаббуси билан Ўзбекистон-Хитой ҳукуматлараро қўмитаси таркибида камбағалликни қисқартириш бўйича қуйи қўмита ташкил этилди ва ҳозирги кунга қадар унинг иккита йиғилиш бўлиб ўтди", – дейилади Хитой ОАВ мақолаларида.

Қайд этилганидек, 17 сентябрь куни Наманган шаҳрида 30 дан ортиқ нуфузли ташкилот ва 200 га яқин халқаро экспертлар, жумладан, Хитой вакиллари ҳам иштирок этган "Камбағалликдан фаровонлик сари" III халқаро форуми ўз ишини бошлади.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев анжуманнинг очилиш маросимидаги нутқида "Изчил ислоҳотларимиз туфайли 7,5 миллион аҳоли камбағалликдан чиқарилиб, камбағаллик даражаси 2024 йилда 8,9 фоизга туширилди. Йил якунигача уни 6 фоизгача камайтиришни мақсад қилганмиз. Албатта, қисқа муддатда бундай натижаларга эришиш ўз-ўзидан бўлгани йўқ. Ўтган даврда иқтисодиётимиз 2 карра ўсгани, йил якуни билан аҳоли жон бошига даромад 3,5 минг долларга етиши бу борада муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда", – дея таъкидлади.

Янги ташаббусларни синовдан ўтказиш ва илғор халқаро тажрибаларни ўрганиш асосида камбағалликни қисқартириш бўйича Янги Ўзбекистон модели ишлаб чиқилди. Қуйи бўғинда, маҳалла миқёсида ишлаш тизими жорий этилди. Ҳар бир оила билан якка тартибда иш олиб борилиб, даромадни ошириш учун зарур маблағлар ажратилмоқда. "Маҳаллаларни ободонлаштириш, халқ турмушини яхшилаш, тадбиркорлик инфратузилмасини ривожлантиришга ҳар йили 2,5-3 миллиард доллар ажратилмоқда. Қишлоқлар даромадини ошириш учун пахта ва ғалла экиладиган майдонлар 235 минг гектарга қисқартирилди, аҳолига 30-50 гектардан ер участкалари ажратилди. Бу 800 минг кишининг даромадини ошириш йўлидаги муҳим қадам бўлди", – деб ёзилган материалларда.

Нашрларда 2026 йилда Хивада халқаро молия институтлари, донор ташкилотлар, ҳамкор давлатлар иштирокида конференция ўтказилиши маълум қилинган.

Бу борада Хитой ҳукумати билан ҳамкорликда ҳозирданоқ кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда ва муайян муваффақиятларга эришилмоқда. 10 мингдан ортиқ ўзбекистонлик мутахассислар Хитойнинг камбағалликка қарши кураш тажрибасини ўрганиш мақсадида амалиёт ўташди. Муҳими, бу иқтисодий ва маданий жиҳатларни ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон шароитига мослаштирилмоқда.

"Масалан, Шанъган тумани мисолида Ўзбекистоннинг 30 та тумани балиқчилик, чорвачилик, паррандачилик, асаларичилик каби соҳаларда кооператив лойиҳаларни амалга оширишни режалаштирмоқда. Бундан ташқари, Фупинг ва Вэньчуань уезди тажрибасидан келиб чиққан ҳолда, кам таъминланган оилалар ихтисослаштирилган экин етиштиришга, жумладан, яшил ташаббусни амалга оширишга жалб қилинади", – деб урғуланган манбаларда.

Тяньчжэнь 300 та маҳаллада қуёш электр станцияларини қуриш намунасига айланади, бу нафақат электр энергияси, балки иш ўринлари яратиш имконини беради.

Эҳтиёжманд ўзбекистонликларга тиббий хизмат кўрсатиш дастури Цзибо шаҳри тажрибаси тадбиқ этилади ва 140 мингта кам таъминланган оилалар қамраб олинади.

"Умуман олганда, Хитой билан ҳамкорлик Ўзбекистон Президенти томонидан 2030 йилгача камбағалликни қисқартириш бўйича қўйилган мақсадга эришишда кенг кўламли роль ўйнашига ишониш учун барча асослар бор", – деб ёзилган мақолалар хулосасида.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш