“World Nuclear News”: Ўзбекистон 2024 йилда қарийб 4 минг тонна уран қазиб олиб, дунёдаги бешинчи йирик ишлаб чиқарувчига айланган
Сентябрь 05, 2026. 17:30 • 2 дақ
• 96
ЛОНДОН, 5 сентябрь. /“Дунё” АА/. Британиянинг “World Nuclear News” нашрида Ҳиндистон ва Ўзбекистон ўртасида 2030 йилгача ўзаро савдо ҳажмини 5 миллиард долларга етказиш бўйича узоқ муддатли келишувга бағишланган материал эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақолада ёзилишича, Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди ва Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев икки томонлама стратегик шерикликнинг барча йўналишлари бўйича кенг қамровли ва мазмунли музокаралар ўтказди.
Нарендра Моди Ўзбекистондан Ҳиндистонга уран етказиб бериш бўйича узоқ муддатли келишувлар доирасида эришилган ютуқларни юқори баҳолаган ҳамда ўта муҳим минерал ресурслар соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидлаган.
2025 йилда мамлакатлар ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми илк бор 1 миллиард доллардан ошди. Томонлар ушбу кўрсаткични 2030 йилга бориб 5 миллиард долларга етказишни мақсад қилган.
Материалда қайд этилишича, мамлакатлар геология, тоғ-кон саноати, атом энергетикаси, саноат кооперацияси ҳамда ўта муҳим ва стратегик турдаги минерал хомашёлар билан ишлаш соҳаларида ҳамкорликни кенгайтиришни режалаштирмоқда.
Ҳиндистон ўз компанияларининг Ўзбекистондаги истиқболли конларни ўзлаштиришда иштирок этишидан, Ўзбекистон корхоналари эса Ҳиндистондаги қўшма лойиҳаларда қатнашишидан манфаатдор. Томонлар атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш ниятида.
Нашрда келтирилишича, Ҳиндистон атом энергетикасининг ўрнатилган қуввати 24 та фаолият кўрсатаётган энергия блоки ҳисобига қарийб 7900 МВтни ташкил этади. Мамлакат 2047 йилга келиб, бу кўрсаткични 100 ГВтгача оширишни режалаштирмоқда, бу эса барқарор уран етказиб беришни талаб қилади.
Ҳиндистон Қозоғистон, Россия, Ўзбекистон ва Канададан уран импорт қилади. Ўзбекистон билан амалдаги узоқ муддатли шартнома 2026 йилгача мўлжалланган. Шу билан бирга, Деҳли Австралия ва Канаданинг “Cameco” компанияси билан шартномалар тузиш орқали етказиб бериш манбаларини кенгайтирмоқда.
Бутунжаҳон ядро ассоциацияси маълумотларига кўра, Ўзбекистон 2024 йилда қарийб 4 минг тонна уран қазиб олиб, Қозоғистон, Канада, Намибия ва Австралиядан кейин дунёдаги бешинчи йирик ишлаб чиқарувчига айланган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси