“The diplomatic Insight”: Ўзбекистон ва Сербия атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича ҳамкорлик қилмоқда
Сентябрь 04, 2026. 21:30 • 2 дақ
• 80
ИСЛОМОБОД, 4 сентябрь. /“Дунё” АА/. Покистоннинг “The Diplomatic Insight” порталида “Ўзбекистон ва Сербия экология ҳамда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида ҳамкорлик истиқболларини кенгайтирмоқда” сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Нашрда Ўзбекистон ва Сербия атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан барқарор фойдаланиш, биологик хилма-хилликни сақлаш ва экологик таълим соҳаларида ҳамкорликнинг янги йўналишларини кўриб чиқаётгани таъкидланган.
“Ўзбекистон–Сербия атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларидан бири ўрмон хўжалиги ва ўрмонлардан барқарор фойдаланиш соҳасида тажриба алмашиш саналади. Сербия ўрмон ресурсларини бошқариш ва давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш борасида салмоқли амалий тажрибага эга. Ушбу тажрибани ўрганиш Ўзбекистонда табиий ҳудудлар ва биохилма-хилликни сақлаш бўйича ёндашувларни янада такомиллаштириш учун амалий аҳамият касб этади”, – дейилган мақолада.
Яна бир истиқболли йўналиш – экологик таълим ва илмий-академик ҳамкорликдир. Хусусан, Сербиянинг етакчи олий таълим муассасалари ҳамда Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш таклиф этиляпти.
Бундай лойиҳалар қўшма таълим дастурлари, илмий тадқиқотлар, талабалар ва профессор-ўқитувчилар алмашинуви, шунингдек, иқлим ўзгариши, биохилма-хиллик ва барқарор ривожланиш йўналишларидаги қўшма ташаббусларни қамраб олиши мумкин.
“Ўзбекистон ва Сербия ўртасида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш йўналишида ҳамкорликни ривожлантириш – илғор тажрибалар алмашинувини кенгайтириш, қўшма экологик ва инвестициявий лойиҳаларни рағбатлантириш, илмий-таълимий алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда барқарор ривожланиш ва “яшил иқтисодиёт” тамойилларини илгари суриш учун янги имкониятлар яратади”, – деб ёзилган “The Diplomatic Insight”да.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси