“The Times Kuwait” газетаси: Ўзбекистон улкан тараққиётнинг янги босқичига қадам қўймоқда
Сентябрь 05, 2026. 18:30 • 2 дақ
• 63
АЛ-КУВАЙТ, 5 сентябрь. /“Дунё” АА/. “The Times Kuwait” газетасида мамлакатимизнинг Кувайтдаги элчиси Аюбхон Юнусовнинг “Ўзбекистон 35 ёшда: тарихий меросдан миллий тараққиётнинг янги даври сари” сарлавҳали мақоласи эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақолада ёзилишича, мамлакат мустақиллигининг 35 йиллиги келажакни белгилаб бераётган мақсадлар ҳақида мулоҳаза юритиш учун муҳим фурсатдир. Мустақиллик уч минг йилдан ортиқ цивилизация ва миллий давлатчилик анъаналарига таянади.
Дипломат мақолада Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотлар кун тартибининг марказига инсон қадр-қиммати ва халқ манфаатлари қўйилганини алоҳида қайд этади. Мажбурий ва болалар меҳнатига барҳам берилгани, валюта конвертацияси ва рўйхатга туриш тизими ислоҳ қилингани мамлакатнинг очиқлигини таъминлади.
Иқтисодий соҳада камбағаллик даражаси 2017 йилдаги 35 фоиздан 4 фоизгача қисқарди, ялпи ички маҳсулот ҳажмини жорий йилда 160 миллиард долларга, 2030 йилга қадар эса 300 миллиард долларга етказиш вазифаси белгиланди. Таълим соҳасида эса олий ўқув юртлари талабаларининг ярмидан кўпини хотин-қизлар ташкил этмоқда, ўртача умр кўриш давомийлиги 66,4 ёшдан 75,4 ёшга ошди.
Ташқи сиёсатда Ўзбекистон ва Кувайт ўртасидаги муносабатлар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилмоқда. Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил февраль ойида Кувайтга амалга оширган биринчи расмий ташрифи ва ўтказилган музокаралари сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, соғлиқни сақлаш ва маданий-гуманитар соҳаларда кенг кўламли ҳамкорлик учун мустаҳкам пойдевор яратди.
Мақола якунида дипломат келаётган ўн йиллик миллий тараққиётнинг янги даври бўлишини ва еттита йирик миллий дастур амалга оширилишини таъкидлайди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси