АҚШдаги машҳур нашр Ислом цивилизацияси марказини саёҳат қилиш учун энг яхши йўналишлар рўйхатига киритди
Март 10, 2026. 16:38 • 3 дақ
• 142
ТОШКЕНТ, 10 март. /“Дунё” АА/. АҚШдаги машҳур “Condé Nast Traveler” саёҳат журналида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг июнь ойида саёҳат қилиш учун энг яхши йўналишлар рўйхатига киритилгани бўйича мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Нашрда ёзилишича, Тошкент – Марказий Осиёнинг энг йирик шаҳри сифатида, Буюк Ипак йўли ва араб сулолалари давридан тортиб кейинги тарихий даврларгача турли цивилизациялар таъсирида шаклланган. Бу маданий ва тарихий қатламлар ҳали ҳам шаҳарнинг меъморий қиёфасида акс этади – Ипак йўли даври ёдгорликларининг мовий гумбазларидан тортиб, совет модернизмининг ифодали шаклларигача.
Америка журнали Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига алоҳида эътибор қаратган. Ушбу улкан маданий-маърифий мажмуа ислом маданияти, илм-фани ва маънавий мероси тарихига бағишланган музей, кўргазма ва маърифий майдонларни ўз ичига олади. Марказнинг ташкил этилиши Ўзбекистоннинг глобал маданий саҳнада ўз иштирокини мустаҳкамлашга интилишини англатади.
Мақолада Тошкентнинг замонавий маданий муҳити фаол ривожланаётгани, жумладан, замонавий санъат маркази очилгани, пойтахтнинг тарихий маҳаллаларида халқаро санъат резиденциялари пайдо бўлаётгани қайд этилган.
Бу эътироф Ислом цивилизацияси марказининг “Smithsonian Magazine”, “BBC Travel”, “BBC History”, “National Geographic” каби нуфузли халқаро нашрлар ва рейтингларга киритилгани билан ҳам аҳамиятлидир. Ушбу оммавий ахборот воситалари саҳифаларида марказ ҳақидаги маълумотларнинг пайдо бўлиши уни Лос-Анжелесдаги “Lucas Museum of Narrative Art”, Вашингтондаги “National Geographic Museum of Exploration” ва Лондондаги “London Museum” каби дунё миқёсидаги энг йирик музей ташаббуслари билан бир қаторга қўяди.
Тошкент ва Ислом цивилизацияси маркази нуфузли халқаро нашрнинг тавсия этилган йўналишлар рўйхатига киритилгани жаҳон ҳамжамиятининг Ўзбекистон маданий меросига қизиқиши ортиб бораётганини таъкидлаб, унинг Марказий Осиёнинг муҳим маданий ва сайёҳлик маркази сифатидаги мавқеини мустаҳкамлайди.
“Condé Nast Traveler” энг нуфузли халқаро саёҳат ва маданият нашрларидан бири бўлиб, 1987 йилда АҚШда ташкил этилган ва “Vogue”, “The New Yorker” ва “GQ” каби машҳур журналларни нашр этувчи “Condé Nast” медиа холдинги таркибига киради. Журнал ҳар ойда 16 миллиондан ортиқ глобал ўқувчига эга бўлиб, саёҳат ва маданий туризм соҳасида халқаро кун тартибини шакллантирувчи жаҳон туризм саноатининг асосий йўналишларидан бири ҳисобланади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси