Тошкент–Шэньчжэнь йўналишида янги авиарейс йўлга қўйилди
Март 30, 2026. 20:16 • 2 дақ
• 103
ШЭНЬЧЖЭНЬ, 2 апрель. /“Дунё” АА/. Жорий йилнинг 30 март куни Шэньчжэнь шаҳрининг “Баоань” халқаро аэропортида Тошкент–Шэньчжэнь йўналиши бўйича дастлабки рейс амалга оширилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ушбу авиақатнов рейсни амага оширилиши Ўзбекистон ва Хитойнинг йирик мегаполисларидан бири ўртасида янги, тўғридан-тўғри ҳаво кўприги очилганини англатади. Аэропортда борт маъмурият вакиллари, Гуандун провинцияси туристик компаниялари ва оммавий ахборот воситалари томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди.
Мазкур йўналиш ҳозирда ҳафтасига 10 маротаба амалга оширилаётган Тошкент–Гуанчжоу рейсларига муҳим қўшимча бўлди. “Баоань” халқаро аэропорти директори ўринбосари Ву Цяоцзюнь таъкидлаганидек, Шэньчжэнь шаҳрига парвозларнинг йўлга қўйилиши икки мамлакат ўртасидаги транспорт имкониятларини сезиларли даражада кенгайтиради.
“Ишончимиз комилки, ушбу йўналиш ўзаро ташрифларни фаоллаштиришга, туризм, ишбилармонлик ва маданий алмашинувларни ривожлантиришга хизмат қилади. Аэропорт янги йўналишдаги барча йўловчилар учун юқори даражадаги сервис хизматларини кўрсатишга тайёр”, – деди Ву Цяоцзюнь.
Тошкент–Шэньчжэнь йўналиши бўйича мунтазам рейслар жорий йилнинг апрель ойидан бошлаб ҳафтада бир марта – якшанба кунлари амалга оширилади. Бу Хитойнинг юқори технологияли марказларидан бири ҳисобланган Шэньчжэнь ва Ўзбекистон ўртасидаги иқтисодий интеграцияни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси