27–28 октябрь кунлари Тошкентда 8-Ўзбекистон халқаро тоғ-кон ва металлургия форуми – UIMF 2026 бўлиб ўтади
Октябрь 26, 2026. 18:30 • 4 дақ
• 56
ТОШКЕНТ, 26 октябрь. /“Дунё” АА/. 27–28 октябрь кунлари Тошкент шаҳридаги “Ўзэкспомарказ” миллий кўргазмалар мажмуасининг “Kongress-xoll” залида Ўзбекистон Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳамда Металлургия уюшмаси кўмагида 8-Ўзбекистон халқаро тоғ-кон ва металлургия форуми – UIMF 2026 бўлиб ўтади, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Форум ташкилотчилари: “Congresses of Central Asia – CCA” компанияси ва унинг ҳамкори “Iteca Exhibitions”.
Тоғ-кон ва металлургия саноати ўзаро узвий боғлиқ бўлган, технологик жиҳатдан мураккаб жараёнларнинг кенг мажмуасини қамраб олади. Унинг асосий йўналишлари қаторига геология-қидирув ишлари, фойдали қазилмаларни қазиб олиш ва қайта ишлашнинг мақбул усулларини ишлаб чиқиш, тайёр маҳсулот сифатининг амалдаги стандартларга мувофиқлигини назорат қилиш киради.
Ишлаб чиқариш самарадорлигини оширишга қаратилган илмий тадқиқотлар олиб бориш ва замонавий технологик ечимларни жорий этиш ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Бугунги кунда бутун тармоқнинг ривожланиши кўп жиҳатдан ресурсларга боғлиқ. Ўзбекистон олтин, кумуш ва бир қатор муҳим критик минераллар захираларини ўз ичига олган салмоқли минерал-хомашё салоҳиятига эга. Тармоқнинг асосий вазифалари қаторига ишлаб чиқаришни диверсификация қилиш, рақамли трансформацияни амалга ошириш ва инвестицияларни жалб этиш киради.
Ушбу вазифаларни ҳал этиш нафақат технологик ечимларни, балки тажриба алмашиш, профессионал мулоқотни ривожлантириш ҳамда давлат, бизнес ва экспертлар ҳамжамияти ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашни ҳам талаб этади.
UIMF экспертлар мулоқоти, тармоқни ривожлантириш стратегиялари ва тенденцияларини муҳокама қилиш учун самарали платформа сифатида эътироф этилади. Форум ҳар йили тоғ-кон ва металлургия соҳаси вакилларида катта қизиқиш уйғотади.
Жорий йилда форум “Ресурслардан глобал имкониятлар сари” мавзусида бўлиб ўтади. Табиий ресурслар саноатни ривожлантириш, инновацияларни жорий этиш ва халқаро ишбилармонлик алоқаларини мустаҳкамлаш учун кенг имкониятлар яратади. Хомашё салоҳиятидан оқилона фойдаланиш, замонавий технологияларни ўзлаштириш ва ишлаб чиқариш жараёнларини модернизация қилиш тармоқнинг рақобатбардошлигини ошириш ҳамда узоқ муддатли иқтисодий ўсиш учун мустаҳкам пойдевор яратишга хизмат қилади.
Форум ишида Австралия, АҚШ, БАА, Бельгия, Буюк Британия, Германия, Канада, Нидерландия, Озарбайжон, Покистон, Россия, Тожикистон, Туркия, Франция, Хитой, Япония, Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон каби 19 та мамлакатдан 40 нафар спикер ва модератор, 500 нафардан ортиқ делегат иштирок этади.
Форумнинг бош ҳамкори “Ўзбекистон технологик металлар комбинати” АЖ – Ўзбекистонда критик минераллар ва технологик металлар саноатини ривожлантираётган интеграциялашган саноат компаниясидир.
Форум дастуридан 7 та сессия ўрин олган бўлиб, асосий мавзулар қаторига критик минералларнинг стратегик роли, тоғ-кон ва металлургия лойиҳаларини молиялаштиришнинг янги моделлари, Mining 5.0 автоном қазиб олиш тизимлари, геология-қидирув ишларида сунъий интеллектдан фойдаланиш, чуқур жойлашган конларни ўзлаштириш технологиялари, янги авлод металлургияси ҳамда саноатда энергия самарадорлигини ошириш масалалари киради.
Иштирокчилар диққат марказида хомашё қазиб олишдан юқори технологияли ишлаб чиқаришларни ташкил этиш ва қўшилган қиймат занжирларини шакллантиришга ўтиш, Ўзбекистоннинг саноат салоҳиятини ривожлантириш ҳамда минтақанинг халқаро бозорлардаги рақобатбардошлигини мустаҳкамлаш масалалари бўлади.
Дастурда критик минераллар ва келажак металларини муҳокама қилиш алоҳида ўрин эгаллайди. Ушбу ресурслар юқори технологияли ишлаб чиқаришни ривожлантиришда стратегик аҳамиятга эга. Иштирокчилар ресурс базасини кенгайтириш, қайта ишлашнинг илғор технологияларини жорий этиш ҳамда халқаро саноат кооперациясини мустаҳкамлаш имкониятларини кўриб чиқадилар.
Дастурнинг алоҳида бўлими кон-металлургия мажмуасига капитал жалб этиш, яшил молиялаштиришни ривожлантириш ҳамда йирик саноат лойиҳалари учун янги инвестиция моделларини шакллантириш масалаларига бағишланади.
Муҳокамаларда Ўзбекистон Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги, Ўзбекистон металлургия уюшмаси, етакчи саноат корхоналари, халқаро тармоқ ташкилотлари ҳамда технологик компаниялар вакилларининг иштирок этиши режалаштирилган.
Дастур спикерлари қаторида вазирнинг биринчи ўринбосари Феруза Ҳамидова, вазир ўринбосари Урал Юсупов, Канаданинг Ўзбекистондаги элчиси Кристофер Дагган, Халқаро литий уюшмаси вакили Астрид Карамира, “S&P Global Energy”, “Worley”, “KfW IPEX–Bank”, “ORICA”, “McKinsey & Company”, “Deloitte” ва “RJLL Drilling” компанияларининг экспертлари ўрин олган.
Глобал бозорлар трансформацияси шароитида “UIMF 2026” тармоқнинг устувор йўналишларини белгилаш, технологик ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда келажакда Ўзбекистон тоғ-кон саноатининг рақобатбардошлигини белгилаб берадиган ечимларни излаш учун муҳим платформага айланмоқда.
Қўшимча маълумот олиш учун CCA матбуот хизматига мурожаат қилинг:
Тел.: + (998 71) 237 15 54.
E-mail: uimf@cca.uz, www.uimf.uz
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси