“Al-Kass”: Ўзбекистон 8–10 октябрь кунлари илк бор сузиш бўйича жаҳон кубогига мезбонлик қилади

Август 23, 2026. 17:30 • 2 дақ

77
“Al-Kass”: Ўзбекистон 8–10 октябрь кунлари илк бор сузиш бўйича жаҳон кубогига мезбонлик қилади

АР-РИЁЗ, 23 август. /“Дунё” АА/. Саудия Арабистонининг “Al-Kass” спорт янгиликлари сайтида Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган сузиш бўйича жаҳон кубоги мусобақаси ҳақида мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Нашрнинг таъкидлашича, World Aquatics (Жаҳон сув спортлари федерацияси) томонидан ташкил этилаётган сузиш бўйича жаҳон кубоги мусобақаси шу йил 8–10 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтади.

Тарихда илк бор ушбу нуфузли мусобақанинг Ўзбекистонда ўтказилиши мамлакатнинг халқаро спорт беллашувларини юқори савияда ташкил этиш борасидаги тажрибаси ҳамда жаҳон спорт ҳамжамиятидаги нуфузи тобора юксалиб бораётганидан далолат беради.

Уч босқичли мусобақалар давомида 50 дан зиёд миллий федерациядан 750 нафардан ортиқ эркак ва аёл спортчилар иштирок этиб, умумий миқдори 1,2 миллион АҚШ долларини ташкил этувчи соврин жамғармаси учун баҳс олиб боради.

Шу билан бирга, беллашувлар доирасида жаҳон рекордларини янгилаган спортчилар, “Triple Crown”нинг ҳар учала босқичида ғалаба қозонган иштирокчилар учун махсус мукофотлар ҳам таъсис этилган.

Шунингдек ўқинг

Мазкур мусобақа сузувчилар учун Пекин шаҳрида бўлиб ўтадиган сузиш бўйича 18-жаҳон чемпионатига тайёргарлик вазифасини ҳам ўтайди.

Мақолада қайд этилишича, Тошкент 2017 ва 2018 йилларда бадиий сузиш бўйича жаҳон кубоги мусобақаларига мезбонлик қилган эди. Эндиликда пойтахт сузиш бўйича жаҳон кубоги босқичини қабул қилмоқда.

World Aquatics президенти Ҳусайн Ал-Мусалламнинг маълум қилишича, сузиш бўйича Жаҳон кубогининг Ўзбекистонда ўтказилиши ташкилот учун муҳим ва аҳамиятли воқеа ҳисобланади. Унинг фикрича, жаҳон талабларига жавоб берадиган замонавий инфратузилма ва ўзбекона меҳмондўстлик уйғунлиги спортчилар учун ҳар томонлама қулай шароит яратади.

Айни пайтда ташкилотчилар Тошкентдаги Олимпия шаҳарчаси ҳудудида жойлашган замонавий сув спорти саройида тайёргарлик ишларининг якуний босқичини амалга оширмоқда. Мусобақани юқори савияда ўтказиш учун спорт иншоотининг техник имкониятлари, ташкилий масалалар ва иштирокчилар учун зарур шароитлар яна бир бор кўриб чиқилмоқда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш