Антониу Гутерриш: Сайёрамиз мисли кўрилмаган жазирамага дуч келмоқда

27
Антониу Гутерриш: Сайёрамиз мисли кўрилмаган жазирамага дуч келмоқда

НЬЮ-ЙОРК, 2 август. /“Дунё” АА/. Сайёрамиз мисли кўрилмаган жазирамага дуч келмоқда, кучайиб бораётган Эль-Ниньо ҳодисаси яқин орада ҳароратнинг ошиши бўйича янги рекордларга сабаб бўлиши мумкин, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

БМТ янгиликлар портали маълумотига кўра, бу ҳақда Бош котиб Антониу Гутерриш маълум қилган. У ҳукуматларни аҳолини ҳимоя қилиш чораларини тезлаштиришга, қазилма ёқилғидан фойдаланишдан воз кечишга чақирди.

“Биз аллақачон экстремал об-ҳаво ҳодисалари кузатилган ёзни бошдан кечирдик: рекорд даражадаги аномал иссиқлик тўлқинлари, Испания, Франция ва улардан анча узоқда авж олган даҳшатли ўрмон ёнғинлари ҳамда бу ҳолдан тойдирувчи жазирама туфайли минглаб инсонлар ҳалок бўлди”, – деди БМТ Бош котиби Нью-Йоркдаги нутқида.

“Июнь ва июль ойларида Жаҳон океани сатҳи ҳарорати рекорд кўрсаткичга етди. Сўнгги маълумотларга кўра, бу ҳали бошланиши, холос. Жаҳон метеорология ташкилоти эълон қилган янги прогнозлар августдан октябргача бўлган даврда ҳам ҳаво ҳарорати меъёрдан анча юқори бўлишини қайд этди”, – дея таъкидлади Антониу Гутерриш.

Маълумотларга кўра, октябрь ойига қадар деярли бутун қуруқликда ҳаво ҳарорати иқлимий меъёрдан юқори бўлади. БМТ Бош котибининг фикрича, Эль-Ниньо нафақат ҳароратга, балки ёғингарчилик миқдорига ҳам таъсир қилиши мумкин. Ҳиндистонда муссон ёмғирлари мавсуми аллақачон одатдагидан анча заиф кечмоқда ва таҳлиллар минтақадаги вазиятнинг янада ёмонлашишидан далолат бермоқда.

БМТ раҳбарининг сўзларига кўра, экстремал жазирама узоқ вақтдан бери “сезилмас қотил” деб ҳисобланиб келинади, аммо бу таъриф ҳам муаммо кўламини тўлиқ акс эттирмайди. Чунки юқори ҳарорат таъсирида юз берган ўлим ҳолатларининг аксарияти расман ҳисобга олинмайди.

БМТ Бош котиби саъй-ҳаракатларни тўрт йўналишга қаратишга чақирди: ҳаракат режалари ва барвақт огоҳлантириш тизимлари орқали аҳолини ҳимоя қилиш, хавфсиз меҳнат шароитларини таъминлаш, шаҳарлар ва инфратузилмани экстремал жазирамага мослаштириш ҳамда иқлим инқирозининг асосий сабабини бартараф этиш.

Шунингдек ўқинг

Прогнозларга кўра, асосий кузатув ҳудудларида денгиз сатҳи ўртача ҳароратининг мавсумий аномалиялари Цельсий бўйича 2,9 даражадан ошиши кутилмоқда. Бундан ташқари, ижобий Ҳинд океани диполи (Ҳинд океанининг ғарбий қисмида иқлим режими ўртачадан илиқроқ, шарқий қисмида эса совуқроқ бўлади) прогноз қилинмоқда.

Бу омиллар қўшилиб, қурғоқчилик, сув тошқинлари ва ўрмон ёнғинлари каби ҳодисаларни кучайтириши мумкин. Атлантика океанининг тропик зонасида ҳам денгиз сатҳи ҳарорати ўртача даражадан юқори бўлиши кутилмоқда.

Жаҳон метеорология ташкилоти маълумотига кўра, Ер шари қуруқлигининг аксарият қисмида ҳароратнинг ўртача кўрсаткичдан ошиб кетиш эҳтимоли юқори. Бу тенденциянинг энг яққол белгилари бутун Африка, Европанинг жанубий қисми, Арабистон ярим ороли, Ҳиндистон ярим ороли, Шарқий Осиё, Марказий Америка, Кариб ҳавзаси, Жанубий Американинг катта қисми ва Янги Зеландияда кузатилмоқда.

2026 йилнинг август–октябрь ойларида Африкадаги Сомали яримороли, Марказий Осиёнинг айрим ҳудудлари, Жанубий Европа, Шимолий Американинг ғарбий қисми ҳамда Жанубий Американинг жануби-шарқида одатдагидан намгарчилик кўпроқ бўлиши кутилмоқда.

Аксинча, Ҳиндистон ярим ороли, Австралиянинг жануби-шарқи, Марказий Американинг жануби, Кариб ҳавзасининг айрим ҳудудлари, Жанубий Американинг шимоли-ғарбий қисми ва Шимолий Европада одатдагидан қуруқроқ об-ҳаво кузатилиши эҳтимоли юқорироқ.

БМТ порталидан олинган сурат

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш