Беларусь болалар журналида Ўзбекистон ҳақида мақолалар чоп этилди
Октябрь 10, 2026. 11:30 • 2 дақ
• 67МИНСК, 10 октябрь. /“Дунё” АА/. “Качели” болалар журналида Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги маданий алоқалар ҳамда дўстлик ришталарига бағишланган туркум мақолалар чоп этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Материалларда беларуслик ўқувчилар ўзбек маданияти, Самарқанд ва Бухоро каби тарихий шаҳарлар, икки давлат ёшлари ўртасидаги дўстлик алоқалари ҳақида кўплаб маълумотларга эга бўлади.
Хусусан, мақолаларда ёзилган Минскдаги қовун сайли, ўзбек шоир ва ёзувчиларига эҳтиром ҳамда Беларусь ёшларининг Ўзбекистонда ўтказган таътиллари таассуротлари ўқувчиларда катта қизиқиш уйғотади.
Журналда таъкидланишича, Ўзбекистоннинг Минск шаҳридаги дипломатик ваколатхонаси томонидан ташкил этилган қовун сайли ва маданий тадбир болаларга унутилмас дамларни туҳфа қилган. Ўзбек қовунларининг мазаси, миллий қандолат маҳсулотлари ва халқимизнинг меҳмондўстлик анъаналари ҳақида ҳам алоҳида тўхталиб ўтилган.
Нашрда беларуслик ёш китобхонларнинг Шарқ шеърияти ва насрига бўлган қизиқишини янада ошириш мақсадида ўзбек адабиётининг йирик намояндалари, таниқли шоир ва ёзувчиларнинг ҳаёти ҳамда ижоди ҳақида маълумотлар берилган.
Шунингдек, журналда Беларусь мактаб ўқувчилари ва ёшларининг Ўзбекистоннинг диққатга сазовор масканларига уюштирилган саёҳатлари, юртимиздаги диққатга сазовор жойлар, қадимий Самарқанд ва Бухоро обидалари ҳамда бошқа ёрқин таассуротлар болалар тилидан жуда жонли ва чиройли тарзда ёритилган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси



