"BMB HOLDING" ва Италиянинг "Berlusconi Finanziaria" компанияси Ўзбекистонда чиқиндиларни қайта ишлаш орқали электр энергияси ишлаб чиқариш лойиҳасини жадаллаштирмоқда
Январ 31, 2026. 11:19 • 2 дақ
• 90РИМ, 31-январь. /“Дунё” АА/. 29-январь куни Италия пойтахтида "BMB HOLDING" Кузатув кенгаши раиси Бекзод Маматқулов ва унинг яқин ҳамкори, "Berlusconi Finanziaria" компанияси президенти Паоло Берлускони ўртасида музокаралар бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
"Berlusconi Finanziaria" ҳозирги вақтда Италия ва қатор Европа мамлакатларида водород ва аммиак ишлаб чиқаришга ихтисослашган йирик саноат корхоналарини қуриш билан шуғулланади. Шунингдек, компания 15 йилдан ортиқ вақт давомида сув юзасида қуёш электр станцияларини қуриш соҳасида муваффақиятли фаолият юритиб келмоқда. Бундан ташқари, компания умумий қиймати 1,5 миллиард евро бўлган янги йирик аэропорт қурилиши бўйича кенг кўламли лойиҳани амалга оширмоқда, бу эса унинг саноат ва инфратузилма соҳаларидаги улкан тажрибасидан далолат беради.
Музокаралар давомида томонлар мамлакатимиз иқтисодиётининг турли тармоқларида қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш, шунингдек, замонавий Европа технологиялари ва илғор тажрибасини жорий этиш бўйича ҳар томонлама ҳамкорликни йўлга қўйиш масалаларини муҳокама қилдилар.
Хусусан, италиялик ҳамкор билан эришилган келишувлар асосида Ўзбекистонда маиший ва хавфли чиқиндиларни қайта ишлаш орқали электр энергия ишлаб чиқаришга қаратилган инвестиция лойиҳасини жадаллаштиришга келишиб олинди.
Конструктив ва дўстона руҳда ўтган музокаралар якунида Бекзод Маматқулов "Berlusconi Finanziaria" президенти Паоло Берлусконини ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш, тоғ-кон саноати, фойдали қазилмаларни ўзлаштириш ва энергия тежовчи технологияларни жорий этиш соҳаларидаги лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек, савдо-иқтисодий шерикликни чуқурлаштириш мақсадида яқин вақт ичида Ўзбекистонга ташриф буюришга таклиф этди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси



