Самарқандда Ўзбекистон ва Япония ҳамкорлигида Чўллар бўйича илғор тажриба маркази очилди

Ноябрь 19, 2026. 11:30 • 3 дақ

• 18
Самарқандда Ўзбекистон ва Япония ҳамкорлигида Чўллар бўйича илғор тажриба маркази очилди
Самарқандда Ўзбекистон ва Япония ҳамкорлигида Чўллар бўйича илғор тажриба маркази очилди

САМАРҚАНД, 19 ноябрь. /“Дунё” АА/. Самарқанд давлат университети (СамДУ) ҳамда Япониянинг Тоттори университети ҳамкорлигида Чўллар бўйича илғор тажриба маркази очилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси, Таълим ва илм-фан вазирлиги, юртимизнинг Япониядаги элчихонаси (онлайн), Япония фан ва технологиялар агентлиги (JST), Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) вакиллари ҳамда Япония, Исроил ва АҚШнинг етакчи олимлари иштирок этди.

Учрашувда Самарқанд давлат университети ректори Рустам Холмурадов ҳамда Тоттори университети президенти Тасуку Харада Чўллар бўйича илғор тажриба марказини ташкил этиш ва унинг фаолиятини йўлга қўйиш бўйича келишувни имзолади.

Марказни ташкил этиш ташаббуси Президент Шавкат Мирзиёев томонидан 2025 йил 20 декабрь куни Токиода “Марказий Осиё + Япония” саммити доирасида илгари сурилган эди. Марказнинг бир йилдан кам вақт ичида очилгани икки давлатнинг келишувларни амалий натижага айлантиришга бўлган сиёсий иродасини кўрсатади.

Ўзбекистоннинг Япониядаги элчихонаси вакиллари учрашувда Самарқанд давлат университети ва Тоттори университети ҳамкорлиги қўшма дала тадқиқотлари ва экспедициялардан бошланиб, 2023 йил февралдаги Академик алмашинув ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим орқали “Blue-SATREPS” лойиҳаси даражасига етганини таъкидлади.

Янги марказ Самарқанд давлат университетининг Агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги институти қошида фаолият юритади. Унинг асосий вазифалари иқлим ўзгаришини баҳолаш, чўл ресурсларини барқарор бошқариш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, маҳаллий аҳоли фаровонлигини ошириш, анъанавий билим ва тажрибаларни сақлаш ҳамда ривожлантиришдан иборат бўлади.

Шунингдек ўқинг

Марказ тадқиқотлар, таълим, илмий ишланмаларни амалиётга жорий этиш, минтақавий платформани шакллантириш, халқаро ҳамкорлик ва инновациялар йўналишларида фаолият олиб боради.

Унинг устувор дастурларидан бири экология ва яйловларни бошқариш йўналишида Самарқанд давлат университети ҳамда Тоттори университети ўртасида қўшма бакалавриат ва магистратура дастурларини амалга ошириш ҳисобланади.

Марказ фаолиятининг минтақавий қамрови Ўзбекистон, Туркманистон ва Қозоғистоннинг чўл ва ярим чўл ҳудудларини қамраб олади. Келгусида ушбу географик қамровни Афғонистоннинг шимолий ҳудудлари ҳисобига кенгайтириш ҳам кўзда тутилган. Кейинги босқичда марказ негизида мустақил ёки кенгайтирилган илмий-тадқиқот институтини ташкил этиш режалаштирилмоқда.

Юртимизнинг Япониядаги элчихонаси марказ фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, икки мамлакат ўртасидаги илмий-таълим алоқаларини янада мустаҳкамлаш ва қўшма ташаббусларни ривожлантиришга кўмаклашишда давом этишини билдирди.

Янги марказнинг ташкил этилиши Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларида илмий-таълим ҳамкорлиги тобора муҳим ўрин эгаллаётганининг амалий ифодаси бўлиб, айниқса, ёш тадқиқотчилар ва талабалар учун янги таълим ҳамда илмий имкониятлар яратиши кутилмоқда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш