Британия компанияси Ўзбекистон билан юридик соҳада ҳамкорлик қилишга қизиқиш билдирди
Февраль 11, 2026. 19:58 • 2 дақ
• 69
ЛОНДОН, 11 февраль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчиси Равшан Усманов нуфузли “Omnia Strategy LLP” халқаро юридик компанияси ҳаммуассиси ва раиси, Буюк Британия собиқ Бош вазири Тони Блэрнинг рафиқаси Шери Блэр билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
2011 йилда Лондонда ташкил этилган “Omnia Strategy LLP” компанияси хусусий шахслар, корпоратив мижозлар ва давлат тузилмаларига юқори малакали ҳуқуқий хизматлар кўрсатувчи нуфузли халқаро юридик фирма ҳисобланади.
Компания ҳуқуқ, сиёсат, бизнес ва коммуникация соҳаларида фанлараро экспертизага таянган ҳолда стратегик ҳуқуқий ёрдам кўрсатади ва Европа, Яқин Шарқ, Марказий Осиё, Африка ва дунёнинг бошқа минтақаларидаги мижозлар билан ишлайди.
Суҳбат чоғида Шери Блэр Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли иқтисодий ислоҳотларни, хусусан, хорижий инвесторлар учун қулай ва шаффоф ҳуқуқий муҳитни шакллантириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларни юқори баҳолади.
Унинг сўзларига кўра, сўнгги йилларда инвестиция муҳитини яхшилаш, хусусий секторни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар халқаро ҳамжамиятда катта қизиқиш уйғотмоқда.
Шу муносабат билан “Omnia Strategy LLP” вакиллари Ўзбекистондаги иқтисодий ва ҳуқуқий жараёнларда фаол иштирок этиш, миллий қонунчиликни такомиллаштиришга кўмаклашиш ва хорижий инвесторларга маслаҳат хизматларини кўрсатиш орқали мамлакатнинг халқаро имижини янада мустаҳкамлашга ҳисса қўшишга тайёрлигини билдирди.
Бундан ташқари, томонлар Буюк Британияда “Omnia Strategy LLP” билан ҳамкорликда Ўзбекистоннинг иқтисодий салоҳияти ва инвестициявий имкониятларини янада кенг тарғиб қилиш, мамлакатда амалга оширилаётган демократик янгиланишларни оммалаштиришга қаратилган қўшма тадбирларни ўтказиш бўйича келишувларга эришди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
