Logo

Тошкентда Ўзбекистон қурилиш-интерьер ярмаркаси бўлиб ўтмоқда

Февраль 11, 2026. 16:01 • 2 дақ

127
Тошкентда Ўзбекистон қурилиш-интерьер ярмаркаси бўлиб ўтмоқда
Тошкентда Ўзбекистон қурилиш-интерьер ярмаркаси бўлиб ўтмоқда

ТОШКЕНТ, 11 февраль. /“Дунё” АА/. Пойтахтимизда Ўзбекистон қурилиш-интерьер ярмаркаси – “Uzbekistan Construction and Interior Week” бўлиб ўтмоқда, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

2026 йил 10–12 февраль кунлари “Ўзэкспомарказ” МККнинг барча павильонларида мамлакат қурилиш саноатининг асосий тадбирлари: “Қурилиш – UzBuild 2026” 27-Ўзбекистон халқаро кўргазмаси, “Қурилиш техникаси ва технологиялари – BuildTech 2026” ихтисослаштирилган бўлими, “ICCI 2026” 7-қурилиш саноати халқаро конференцияси ташкил этилди.

Тадбирларда 22 та давлатдан 450 та компания ва брендлар иштирок этмоқда. Анъанавий равишда хорижий иштирокчилар улуши юқори бўлиб, 79 фоизни ташкил этади. Миллий павильонлар Германия, Россия ва Туркия томонидан тақдим этилган, жамоавий экспозициялар, Эрон, Латвия ва илк бор Грузиядан “Made in Georgia” форматида намойиш қилинмоқда.

Кўргазмалар турли қурилиш йўналишини қамраб олди – материалларни лойиҳалаштириш ва ишлаб чиқаришдан тортиб, пардозлаш ва муҳандислик ечимларигача. Майдонларда замонавий технологиялар, қурилиш техникаси, инновацион материаллар, инфратузилма ишланмалари намойиш этилмоқда.

Ишбилармонлик дастурининг асосий воқеаси “Янги Ўзбекистон: ғоялардан кенг кўламли ечимларга” мавзусига бағишланган “ICCI 2026” қурилиш саноати халқаро конференцияси бўлди. Муҳокамаларда “Янги Тошкент” мегалойиҳасини амалга ошириш, қурилиш материаллари ишлаб чиқаришда инновацияларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

“UzBuild” мамлакатнинг етакчи саноат платформаси ва халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, инвестицияларни жалб қилиш ва ишбилармонлик алоқаларини кенгайтиришга ҳисса қўшадиган миллий бренд мақомини тасдиқлайди.

Хитой компанияси президенти Ханна Сюй кўргазма ҳақидаги таассуротлари билан ўртоқлашди:

– Ушбу ярмаркада илк марта иштирок этаяпмиз. Биз аниқ мақсад билан келдик – янги ишбилармонлик алоқаларини ўрнатиш ва потенциал мижозларни топиш. Хитой ва Ўзбекистон ишончли шериклардир, мамлакатларимиз ўртасида анъанавий дўстона ва конструктив муносабатлар қарор топган. Бу ҳамкорликни ривожлантириш учун мустаҳкам асос яратади.

ХХР Раиси Си Цзиньпиннинг “Бир макон, бир йўл” ташаббуси аллақачон Хитой ишлаб чиқарувчиларига кенг йўл очиб, иқтисодий алоқаларни кенгайтиришга хизмат қилмоқда. Айнан шу нуқтаи назардан биз ушбу кўргазмада иштирок этишга қарор қилдик.

Иш жараёнида биз, биринчи навбатда, мебель ишлаб чиқарувчилар ва мебель фабрикалари орасида ишончли ҳамкорлар топишни режалаштирмоқдамиз. Умуман олганда, мен оптимистик кайфиятдаман ва ишончим комилки, бизнинг иштирокимиз аниқ ва амалий натижалар беради.

Биз узоқ муддатли ва истиқболли шериклик алоқаларини ўрнатишдан манфаатдормиз. Агар сизда мебель бизнеси соҳасида ишлайдиган ва ҳамкорлик қилишдан манфаатдор бўлган компаниялар ёки тадбиркорлар билан алоқаларингиз бўлса, ёрдамингиз учун миннатдор бўламиз.

Ўзбекистон ва ташкил этилган ярмарка ҳақидаги таассуротларимга келсак, улар ниҳоятда ижобий. Айниқса, одамларнинг илиқ ва самимий муносабати менда катта таассурот қолдирганини алоҳида таъкидлашни истардим.

Default Avatar

Материал муаллифи

Hikmatilla Melikuziyev

melikuziyev@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш