Бугун дунёда: Хорижий ОАВ шарҳи қисқа сатрларда
Май 14, 2026. 15:40 • 4 дақ
• 10
Тарихий ташриф: Трамп Цзиньпин билан музокара ўтказиш учун Хитойга келди
АҚШ президенти Дональд Трамп расмий ташриф билан Хитойга етиб келди. Бу Америка етакчисининг 2017 йилдан буён Пекинга амалга оширган илк ташрифидир. Ўшанда Трамп президентлик сайловларидаги ғалабасидан сўнг ушбу мамлакатда меҳмонда бўлганди. Давлат делегацияси таркибига АҚШ давлат котиби Марко Рубио, молия вазири Скотт Бессент, мудофаа вазири Пит Ҳегсет кирган. Бизнес вакиллари орасида эса “Apple” раҳбари Тим Кук, “Tesla” раҳбари Илон Маск бор.
Манба: BBC
***
Зеленскийнинг ишонган одами қамалди
Киев шаҳар суди Владимир Зеленский идорасининг собиқ раҳбари Андрей Ермакни 140 миллион гривна (тахминан 3,1 миллион доллар) гаров эвазига озод қилиш имконияти билан 60 суткалик қамоқ жазосига ҳукм қилди. Ҳукм бугун, 14 май куни бўлиб ўтган суд мажлисида эълон қилинди.
Манба: Politico
***
Туркия мактабларида Марказий Осиёни Туркистон деб аташга ўтилди
Туркия таълим муассасаларида эндиликда Марказий Осиё Туркистон деб аталади. “Туркия асри маърифат модели” деб номланган янги таълим дастури доирасида мактаб дарсликларидан ҳукумат ташқаридан тиқиштирилган деб ҳисобланган бир қатор тушунчалар олиб ташланган. “Салиб юришлари” эндиликда “Салиб босқинлари”, “географик кашфиётлар” – “мустамлакачиликнинг бошланиши”, “Марказий Осиё” эса “Туркистон” деб аталади.
Манба: Anadolu
***
Кубада ёнилғи бутунлай тугади
Куба энергетика ва кончилик вазири Висенте де ла О Леви мамлакатда дизель, мазут ва хом нефть захиралари умуман қолмаганини эълон қилди. АҚШ томонидан ўрнатилган нефть блокадаси туфайли пойтахт Гаванада сўнгги ўн йилликлардаги энг оғир электр узилишлари кузатилмоқда.
Манба: BBC
***
Латвия Россия ва Беларусь билан автобус қатновини бутунлай тақиқламоқчи
Латвия транспорт вазирлиги Россия ва Беларусьга автобус қатновларини бутунлай тўхтатишни кўзда тутувчи қонун лойиҳасини тайёрлади. Бу тақиқ ҳам мунтазам, ҳам транзит йўналишларга тегишли. Ҳар икки йўналишда тартибсиз қатновлар 2025 йил 1 ноябрдан бошлаб тақиқланган эди. Янги ўзгартишлар қабул қилингач, Давлат транспорт бошқармаси маъмурий тартиб-таомиллар асосида ташувчиларнинг рухсатномаларини бекор қилади.
Манба: Deutsche Welle
***
Зеленский хотини билан ажрашмоқчи
Украина Президенти Владимир Зеленский рафиқаси Елена билан ажрашишга тайёргарлик кўрган ва унга Киев яқинидаги “Династия” ҳашаматли турар-жой мажмуасидаги коттежлардан бирини қолдиришни режалаштирган.
Манба: РИА Новости
***
Россияда митингларда иштирок этган хорижликлар депортация қилинади
Россия Давлат Думаси хорижликлар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни мамлакатдан чиқариб юборишни кўзда тутувчи қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди. Унга кўра, рухсат этилмаган митингларда қатнашган ҳамда Россия армиясини обрўсизлантирган хорижликлар депортация қилинади.
Манба: Deutsche Welle
***
Нетаньяху уруш пайти БААга яширинча ташриф буюргани маълум бўлди
Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху Эронга қарши уруш пайтида БААга яширинча ташриф буюрган. Нетаньяху ташриф давомида амирликлар президенти Шайх Муҳаммад бин Зоид билан учрашган. Таъкидланишича, икки давлат Эроннинг йирик нефть-кимё объектига ҳужумни ҳам мувофиқлаштирган. Исроил ва БАА 2020 йилда муносабатларни нормаллаштирди. 2018 йилда ҳам Нетаньяху бин Зоид билан махфий учрашув ўтказган эди.
Манба: The Times of Israel
***
Қамчибек Ташиев иши судга оширилди
Қирғизистон собиқ хавфсизлик қўмитаси раиси Қамчибек Ташиевнинг махфий иши судга ўтказилди. Қирғизистон Республикаси Бош прокуратураси Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг собиқ раҳбарига қарши айбловни тасдиқлади. Бу ҳақда адвокат Икрамидин Айтқулов хабар берди. Унинг сўзларига кўра, Камчибек Ташиев ҳокимиятни зўрлик билан эгаллаб олишга тайёргарлик кўриш ва мансаб ваколатини суиистеъмол қилишда айбланмоқда.
Манба: Kaktus Media
***
Путин Белгород ва Брянск раҳбарларини лавозимдан олди
Россия президенти Владимир Путин Белгород ва Брянск вилоятлари губернаторлари Вячеслав Гладков ҳамда Александр Богомазнинг истеъфосини қабул қилди. Расмий маълумотга кўра, улар лавозимини “ўз хоҳишига кўра” тарк этган. Белгород вилояти раҳбари вазифасини вақтинча бажарувчи этиб Александр Шуваев тайинланди. У Украинага қарши урушда иштирок этган. Брянск вилояти раҳбари вазифасини вақтинча бажариш Егор Ковальчукка топширилди. У Россия президенти ҳузуридаги давлат хизмати академияси битирувчиси ҳисобланади.
Манба: Deutsche Welle
***
Москвага қилинган ҳужумларни расм ва видеога олиш тақиқланди
Москвага қилинган ҳаво ҳужумлари оқибатларини расм ва видеога олиш, улар ҳақида матн ёзиш тақиқланди. Тегишли қарор Антитеррор комиссияси томонидан “фейк хабарлар тарқалишининг олдини олиш” мақсадида қабул қилинган. Чекловлар алоҳида қарор чиқарилгунга қадар амал қилади. Тақиқ Россия Мудофаа вазирлиги, Москва мэри ва шаҳар ҳукумати расмий сайтларида эълон қилинган маълумотларга татбиқ этилмайди.
Манба: Интерфакс
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси




