“BBC Тwо”да Ўзбекистонга бағишланган махсус дастур намойиш қилинмоқда

Май 14, 2026. 12:55 • 2 дақ

9
“BBC Тwо”да Ўзбекистонга бағишланган махсус дастур намойиш қилинмоқда

ЛОНДОН, 14 май. /“Дунё” АА/. Британиянинг машҳур “BBC Two” телеканалида Ўзбекистонга бағишланган “Буюк қитъа темир йўл саёҳатлари” номли телелойиҳа эфирга узатила бошланди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мазкур телелойиҳа 2010 йилдан буён дунёнинг 15 дан ортиқ мамлакатида, жумладан, АҚШ, Австралия, Ҳиндистон, Малайзия, Сингапур ва Озарбайжонда суратга олинган. Уни “BBC Two” бошловчиси, британиялик собиқ юқори мартабали сиёсатчи Майкл Портилло олиб боради.

Дастур Ўзбекистоннинг бой тарихи ва маданий меросига, шунингдек, мамлакатнинг жадал ривожланаётган темир йўл тизимига бағишланган. Лойиҳанинг ҳар бири 30 дақиқалик беш қисмдан иборат. Кўрсатувлар Тошкент, Самарқанд ва Бухоро каби тарихий шаҳарларни қамраб олган бўлиб, “BBC Two” телеканали орқали бутун дунё бўйлаб намойиш этилади.

Шунингдек ўқинг

Лойиҳанинг муҳим жиҳати шундаки, у Ўзбекистонни халқаро аудиторияга бой тарихий ва маданий меросга ҳамда замонавий инфратузилмага эга мамлакат сифатида таништиради. Мамлакат бўйлаб темир йўлда саёҳат қилиш имкониятлари, унинг Буюк Ипак йўли цивилизацияси билан боғлиқ тарихи, геостратегик аҳамияти хорижлик томошабинларда алоҳида қизиқиш уйғотмоқда.

Бугунги кунда ушбу кўрсатув “BBC Two” телеканалидаги энг машҳур сайёҳлик дастурларидан бири ҳисобланади ва бир неча муваффақиятли мавсумдан буён эфирга узатилиб келинмоқда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш