Ўзбекистон элчихонасида Ҳиндистоннинг етакчи компаниялари билан музокаралар ўтказилди

Май 14, 2026. 15:25 • 2 дақ

11
Ўзбекистон элчихонасида Ҳиндистоннинг етакчи компаниялари билан музокаралар ўтказилди
Ўзбекистон элчихонасида Ҳиндистоннинг етакчи компаниялари билан музокаралар ўтказилди

ДЕҲЛИ, 14 май. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчиси Сардор Рустамбоев ташқи иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш ва экспорт портфелини диверсификация қилиш борасидаги изчил саъй-ҳаракатлар доирасида Ҳиндистоннинг “Mehta Tubes” ва “Pearl Precision Products” компаниялари раҳбарлари билан икки томонлама учрашувлар ўтказди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Музокаралар Ўзбекистон раҳбарияти томонидан хом-ашё бўлмаган маҳсулотлар экспорти ҳажмини ошириш ҳамда иқтисодиётнинг реал секторига илғор технологияларни жорий этиш бўйича белгилаб берилган устувор вазифаларни амалга оширишга қаратилди.

“Mehta Tubes” компанияси бошқарувчи директори Жайеш Моракия билан бўлиб ўтган суҳбатда мамлакатимизнинг инвестициявий ва саноат салоҳияти ҳақида маълумот тақдим этилди. Юқори аниқликдаги қувурлар ва металл буюмлар ишлаб чиқариш соҳасидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилди.

Ўзбекистон юқори қўшимча қийматга эга тайёр маҳсулотларни етказиб бериш, шунингдек, экспорт қилинадиган товарларни стандартлаштириш ва сертификатлаш бўйича Ҳиндистон тажрибасини ўрганишдан манфаатдор экани таъкидланди.

Томонлар саноат кооперациясига урғу берган ҳолда, ўзаро маҳсулот етказиб бериш ассортиментини кенгайтириш бўйича «йўл харитаси»ни ишлаб чиқишга келишиб олди.

Шунингдек ўқинг

“Pearl Precision Products” компанияси экспорт амалиётлари департаменти раҳбари Шантану Аттрей билан ўзбек маҳсулотларини Ҳиндистоннинг логистика хаблари орқали учинчи давлатлар бозорларига олиб чиқиш истиқболлари муҳокама қилинди.

Автомобилсозлик ва электротехника саноати учун юқори аниқликдаги бутловчи қисмларни етказиб бериш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистоннинг эркин иқтисодий зоналари ҳудудида қўшма ишлаб чиқаришларни маҳаллийлаштириш учун имтиёзли шароитлар тақдим этишга тайёрлик тасдиқланди.

Учрашувлар якунида қўшма ишчи гуруҳлар шакллантириш, онлайн-консультациялар ташкил этиш, ҳиндистонлик ҳамкорларнинг мамлакатимиз ҳудудлари экспорт салоҳияти билан танишиш учун Ўзбекистонга ташрифларини уюштириш бўйича келишувга эришилди.

Томонлар йўлга қўйилган мулоқот товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, янги технологик занжирларни яратиш ва Ўзбекистон хомашё бўлмаган секторининг халқаро майдондаги мавқеини мустаҳкамлашга хизмат қилишига ишонч билдирди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш