Бухоронинг халқаро анжуманларга мезбонлик қилиш имконияти янада кенгаяди
Ноябрь 03, 2026. 14:10 • 2 дақ
• 117
ТОШКЕНТ, 3 ноябрь. /“Дунё” АА/. Президент Шавкат Мирзиёев бугун Бухоро шаҳридаги Конгресс-холл мажмуаси ва замонавий меҳмонхоналар қурилишини кўздан кечирди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, кейинги йилларда Ўзбекистонга келаётган хорижлик сайёҳлар сони изчил ўсмоқда. 2025 йилда бу кўрсаткич 2016 йилга нисбатан қарийб олти баробар, туризм хизматлари экспорти эса ўн бир карра ошди. Шу билан бирга, мамлакатимизда йирик халқаро тадбирлар ўтказиш учун замонавий инфратузилмага талаб ортиб бормоқда.
Мажмуа шаҳарнинг ана шундай тадбирларга мезбонлик қилиш имкониятини кенгайтиради. Конгресс-холл форумлар, олий даражадаги учрашувлар ва бошқа йирик анжуманларни ўтказишга хизмат қилади.
Қиймати 60 миллион доллар бўлган лойиҳа доирасида 14,5 минг квадрат метр майдонли бино қурилмоқда. Ҳозирда асосий бетонлаштириш ишлари якунланиб, ташқи муҳандислик тармоқларини тортиш, фасад ва том қисмларини барпо этиш давом этмоқда.
Шу ҳудудда 37 миллион долларлик “Hilton Garden Inn” меҳмонхонаси ҳам қад ростламоқда. Етти қаватли, 212 хонали меҳмонхонада ер ости автотураргоҳи кўзда тутилган. Бинонинг асосий конструкциялари қуриб битказилган, ҳозир ички деворлар, муҳандислик тармоқлари ва фасад ишлари олиб борилмоқда.
Яна бир лойиҳа – 39,6 миллион долларлик “Holiday Inn” меҳмонхонаси. Бу иншоот ҳам етти қаватли, 212 хонали бўлади, ёнида икки қаватли бизнес маркази ҳам барпо этилмоқда. Меҳмонхонада том монтажи ва ички деворлар қурилиши, бизнес маркази ертўласида эса бетонлаштиришнинг якуний босқичи кетмоқда.
Давлатимиз раҳбари объектлардаги ишлар билан танишиб, улар Бухорода халқаро тадбирларни юқори савияда ўтказиш, туризм хизматлари кўламини кенгайтириш учун муҳимлигини, бу эса аҳоли даромадларини ошириш ва ҳудуд иқтисодиётини янада ривожлантиришга хизмат қилишини таъкидлади.
Қурилиш ишларини белгиланган муддатда, сифат талабларига қатъий риоя этган ҳолда якунлаш бўйича топшириқлар берилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси