Самарқанд истеъдодлар ва инсон капитали бўйича халқаро мулоқот майдонига айланди

Ноябрь 03, 2026. 18:00 • 4 дақ

• 91
Самарқанд истеъдодлар ва инсон капитали бўйича халқаро мулоқот майдонига айланди

САМАРҚАНД, 3 ноябрь. /“Дунё” АА/. 29–30 октябрь кунлари Самарқанд шаҳрида “Ўзгараётган дунёда инсон капиталини шакллантириш” мавзусида “Global Talent Forum” халқаро форуми бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Истиқболли кадрларни тайёрлаш бўйича “Эл-юрт умиди” жамғармаси томонидан ташкил этилган форумда АҚШ, Туркия, Буюк Британия, Хитой, Қозоғистон, Малайзия, Сингапур, Германия, Япония, Озарбайжон каби 15 дан ортиқ мамлакатдан ташриф буюрган 100 га яқин эксперт, халқаро ташкилотлар, давлат тузилмалари, таълим муассасалари ва стипендия дастурлари вакиллари қатнашди.

Учрашувнинг асосий мавзуси халқаро таълим, илмий алоқалар ва касбий тажрибани иқтисодиёт ҳамда жамият учун аниқ натижаларга қандай айлантиришдан иборат бўлди.

Ўзбекистонда инсон капиталини ривожлантириш соҳасига алоҳида эътибор қаратаётган “Uzbekistan’s Club” халқаро нодавлат нотижорат ташкилоти стратегик ҳамкор сифатида форумни ўтказишга ўз ҳиссасини қўшди.

Ўзбекистон Миллий банки бош ҳамкор бўлди. Шу билан бирга, МКБАНК, “Халқ банки” АТБ, “Агробанк” АТБ, “Uzbekistan Airways” АЖ ҳамда Тошкентдаги Халқаро Вестминстер университети ҳам форум ҳамкорлари қаторидан жой олди.

Самарқанд учрашуви технологик ўзгаришлар мамлакатларни кадрлар тайёрлашга бўлган ёндашувларини қайта кўриб чиқишга ундаётган бир даврда ўтказилди. Сунъий интеллект, рақамлаштириш ва энергетик ўтиш меҳнат мазмунини ҳамда мутахассисларга қўйиладиган талабларни ўзгартирмоқда.

Жаҳон иқтисодий форумининг “Future of Jobs Report 2025” ҳисоботига кўра, 2030 йилга бориб, бугунги кунда қўлланилаётган касбий кўникмаларнинг ўртача 39 фоизи ўзгариши ёки эскириши мумкин. Технологик компетенциялар билан бир қаторда таҳлилий фикрлаш, мослашувчанлик ва умр бўйи таълим олиш қобилиятининг аҳамияти ҳам ортиб бормоқда.

Ўзбекистон учун ушбу халқаро кун тартиби Президент Шавкат Мирзиёев ислоҳотлари билан бевосита боғлиқ. Таълим олиш имкониятларини кенгайтириш, унинг сифатини ошириш, илм-фан алоқаларини мустаҳкамлаш ва етакчи хорижий университетлар билан ҳамкорликни ривожлантириш вазифалари билан уйғунликда олиб борилмоқда.

Хусусан, сўнгги саккиз йил ичида олий таълим қамрови 9 фоиздан 44 фоизга ошди. Кейинги босқич мутахассисларни тайёрлаш жараёнини иқтисодиёт эҳтиёжлари ва бандлик истиқболлари билан янада яқинроқ боғлашни тақозо этади.

Жорий йилнинг октябрь ойида Президент таълимнинг барча босқичлари ўртасидаги узвийлик, ўқув дастурларининг меҳнат бозори талабларига мослиги ва илмий ишланмаларни амалиётга жорий этиш муҳимлигини яна бир бор таъкидлади.

Шу нуқтаи назардан, халқаро таълим ҳамкорлиги алоҳида аҳамият касб этади: у ўқув мазмунини янгилаш, илмий-тадқиқот муҳитини ривожлантириш ва мамлакат ичидаги янгиланишлар учун мутахассислар тайёрлашга ёрдам беради.

Амалий вазифа – таълимга киритилаётган инвестицияларни миллий устувор йўналишлар билан боғлашдан иборат. Янги ишлаб чиқариш қувватларига муҳандис ва технологлар, рақамли иқтисодиётга маълумотлар билан ишлаш ва киберхавфсизлик бўйича мутахассислар, қишлоқ хўжалигига эса сувни тежаш ва биотехнологиялар соҳасидаги замонавий ечимлар зарур.

Соғлиқни сақлаш ва давлат бошқарувида ҳам маҳаллий шароитларни инобатга олган ҳолда халқаро тажрибани жорий эта оладиган мутахассислар керак.

Истеъдодларнинг глобал мобиллиги ҳақидаги мунозара айнан шу боғлиқликка бағишланди. Иштирокчилар хорижий таълим касбий ўсишга қандай хизмат қилиши ва битирувчиларга ватанга қайтгач, олган билимларини амалда қўллашлари учун қандай шароитлар зарурлигини муҳокама қилдилар. Бунда иш берувчилар билан ҳамкорлик, илмий-тадқиқот лойиҳаларида иштирок этиш ва касбий ривожланиш имкониятлари алоҳида аҳамиятга эга.

Алоҳида панель сессиясида стипендиялар мамлакат рақобатбардошлигига йўналтирилган узоқ муддатли сармоя сифатида кўриб чиқилди. Муҳокама марказидан кадрлар тайёрлаш йўналишларини танлаш, истеъдодларни қўллаб-қувватлаш самарадорлиги ва таълим дастурларининг миллий тараққиётга қўшадиган ҳиссаси ўрин олди.

“Эл-юрт умиди” жамғармаси учун бу масалалар аниқ мазмунга эга. Хусусан, 2025–2026 йилларда ўтказилган учта очиқ танлов якунларига кўра, 500 нафарга яқин ёшлар Ўзбекистон Президентининг “Эл-юрт умиди” стипендияси соҳибига айланди.

Бунда ғолибларнинг 80 фоизи дунёнинг етакчи юзталик (Топ-100) университетларига ўқишга қабул қилинган. Кейинги вазифа – уларнинг тайёргарлиги мамлакатга барқарор наф келтирадиган шарт-шароитларни яратишдир.

Дастурда ИҲТТ, Туркия Олий таълим кенгаши, Халқаро таълим институти (IIE), “Болашақ” дастури, DAAD (Германия), British Council, JICA ва EducationUSA вакиллари иштирок этди. Уларнинг қатнашиши кадрлар тайёрлаш, таълимни молиялаштириш ва халқаро академик ҳамкорликнинг турли моделларини ўзаро таққослаш имконини берди.

Шунингдек, дастурдан инсон капиталини ривожлантиришда молия институтларининг ролига бағишланган махсус сессия, келгуси ўн йиллик учун ҳамкорлик муҳокамаси ва икки томонлама учрашувлар ўрин олди.

30 октябрь куни жамғарма битирувчиларининг анъанавий учрашувларидан бири – “Samarkand Tea Time” бўлиб ўтди. У халқаро мунозарани стипендиатларнинг шахсий тажрибаси, касбий фаолият ҳикоялари, алоқалари ва ташаббуслари билан бойитди.

Дастурдан иш берувчилар ҳамда банклар, вазирлик ва идораларнинг HR-хизматлари (кадрлар билан ишлаш хизматлари) вакиллари билан тўғридан-тўғри мулоқот ҳам ўрин олди. Унда иштирокчилар ташкилотларнинг кадрларга бўлган эҳтиёжи, талаб юқори бўлган кўникмалар, ишга жойлашиш, касбий ўсиш ҳамда истиқболли лойиҳаларда қатнашиш имкониятларини муҳокама қилдилар.

Тарихан маданиятлар ва илмий анъаналарни бирлаштириб келган Самарқанд билим сифати ва уни амалда қўллай олиш қобилияти мамлакатнинг ривожланиш имкониятларини белгилаб берадиган келажак ҳақидаги мулоқот майдонига айланди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш