Бухоро вилояти ва Хитойнинг Хунань провинцияси ўртасида биродарлик муносабатлари ўрнатилди
Сентябрь 21, 2026. 15:00 • 2 дақ
• 54ЧАНША, 21 сентябрь. /“Дунё” АА/. Тошкент ва Бухоро вилоятлари делегацияси Хитойнинг Чанша шаҳрида бўлиб ўтган халқаро биродар шаҳарлар ва ҳамкор ҳудудлар форумида иштирок этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирда 28 та мамлакат вакиллари қатнашди. Тошкент вилояти делегацияси ҳудуднинг савдо-иқтисодий ва инвестициявий салоҳиятини тақдим этиб, Хунань провинцияси билан ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдорлик билдирди.
Форум доирасида Ўзбекистон вакиллари Хунань провинцияси раҳбарияти билан учрашув ўтказиб, ҳудудлараро алоқаларни ривожлантириш, савдо-инвестициявий ҳамкорликни ошириш ва янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилдилар.
Учрашув якунлари бўйича Бухоро вилояти ва Хунань провинцияси ўртасида биродарлик муносабатларини ўрнатиш тўғрисида меморандум имзоланди. Ушбу ҳужжат ҳудудлар ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни янада кенгайтириш учун мустаҳкам асос яратади.
Ташриф давомида, шунингдек, Хитой бизнеси вакиллари билан тармоқ учрашувлари, тақдимотлар ва B2B музокаралари бўлиб ўтди. Таълим соҳасида Бухоро давлат университети ва Хунань университети ўртасида ҳамкорлик битими имзоланди.
Ўзбекистон маҳсулотларини Хитой бозорида илгари суриш мақсадида Бош консулхона томонидан “Hunan International Friendship Cities Premium Products” кўргазмасида “Made in Uzbekistan” стенди ташкил этилди. Унда ўзбек ҳунармандларининг экспортга мўлжалланган маҳсулотлари намойиш этилди.
Ўтказилган учрашув ва тақдимотлар ишбилармонлик алоқаларини кенгайтириш ҳамда Ўзбекистон ва Хитой ҳудудлари ўртасидаги амалий ҳамкорликнинг янги йўналишларини белгилаб олиш имконини берди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси




