Марказий Осиё жаҳон ҳамжамияти томонидан жадал ривожланиш ва самарали ҳамкорлик макони сифатида эътироф этилмоқда
Июнь 30, 2026. 08:10 • 8 дақ
• 15
ТОШКЕНТ, 29 июнь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий вакили Улуғбек Лапасов “Дунё” ААга БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессиясида Ўзбекистон ташаббуси билан қабул қилинган “Марказий Осиё минтақасида барқарор ривожланишни таъминлаш мақсадида минтақавий ҳамкорлик ва иқтисодий интеграцияни мустаҳкамлаш” резолюцияси консенсус билан қабул қилингани ҳақида фикр билдирди:
– 2026 йил 20 май куни БМТ Бош Ассамблеяси 80-сессиясининг ялпи мажлисида “Марказий Осиё минтақасида барқарор ривожланишни таъминлаш мақсадида минтақавий ҳамкорлик ва иқтисодий интеграцияни мустаҳкамлаш” резолюцияси консенсус билан маъқулланди.
Ушбу ҳужжатни қабул қилиш ташаббуси Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2025 йил сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеясининг 80-юбилей сессиясидаги умумсиёсий мунозаралар чоғида илгари сурилган эди.
Резолюция сўнгги йилларда Марказий Осиёда юз берган чуқур ўзгаришларнинг халқаро эътирофини мустаҳкамлади. Яқиндагина мураккаб зиддиятлар ва ўзаро ишончсизлик макони сифатида қабул қилинган минтақа бугунги кунда мулоқот, яхши қўшничилик ва биргаликда ривожланиш ҳудуди сифатида тобора ишонч билан қарор топмоқда.
Ҳужжатнинг халқаро кескинлик сақланиб қолаётган шароитда қабул қилингани муҳим аҳамиятга эга. Жаҳон ҳамжамияти Марказий Осиёда ҳамкорлик ва ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш сиёсатини қўллаб-қувватлашда якдиллик кўрсатди.
Резолюцияга дунёнинг барча минтақаларидаги 66 та давлат, жумладан, Марказий Осиёнинг барча давлатлари, Хитой, Россия, Германия, Бразилия, Туркия, Озарбайжон, Индонезия, Корея Республикаси ва бошқа давлатлар ҳаммуаллифлик қилди.
Ҳужжатнинг аҳамиятини унинг расмий қабул қилинишидан кенгроқ қараш лозим. У Марказий Осиёнинг янги сиёсий воқелигини акс эттиради ва бир вақтнинг ўзида унинг кейинги ривожланиш йўналишларини белгилайди.
2010 йилларнинг бошларида Марказий Осиё ҳал этилмаган чегара масалалари, сув ресурслари учун рақобат ва ўзаро ишонч етишмаслиги туфайли бўлинган тарқоқ давлатлар тўплами сифатида қабул қилинган. Минтақавий кун тартиби деярли йўқ эди.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев барқарор, фаровон ва ўзаро боғлиқ Марказий Осиёни шакллантиришни мамлакат ташқи сиёсатининг асосий устувор йўналишларидан бири сифатида белгилаган 2016 йил бурилиш нуқтаси бўлди. Ушбу ташаббус кенг кўламли ижобий ўзгаришларнинг бошланғич нуқтаси бўлди.
Кейинги йилларда Ўзбекистоннинг барча қўшни давлатлар билан муносабатлари стратегик шериклик, Қозоғистон ва Тожикистон билан эса иттифоқчилик даражасига кўтарилди. Ишонч изчил тикланиб борди, бусиз минтақавий интеграцияни амалга ошириб бўлмайди.
Шу билан бирга, минтақалараро савдо, чегараолди ва тармоқлараро ҳамкорлик фаол ривожланди, сайёҳлик ва маданий-гуманитар алоқалар кенгайди. Яратилган минтақавий механизмлар иқтисодий ўсишнинг янги манбаларини очиб, Марказий Осиё салоҳиятини амалий майдонга ўтказиш имконини берди.
Саноат, транспорт, логистика, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳалардаги қўшма лойиҳалар иқтисодиётларнинг ўзаро боғлиқлигини кучайтиради ва умумий минтақавий бозорни шакллантириш учун замин яратади.
Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан 2018 йилда минтақавий мулоқотнинг янги механизми – Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари ташкил этилди. Қисқа вақт ичида улар умумий ёндашувларни мувофиқлаштириш ва минтақанинг келажагига жамоавий қарашни шакллантириш учун асосий майдонга айланди.
Ўшандан бери Остона, Тошкент, Аваз, Чўлпонота, Душанбе, яна Остона ва 2025 йил ноябрь ойида Тошкентда еттита саммит бўлиб ўтди. Ҳар бир учрашув сиёсий ишонч ва амалий ҳамкорликнинг янги даражасини қайд этди.
Тошкентда бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашуви минтақавий яқинлашув йўлининг ортга қайтмаслигини тасдиқлади ва минтақа мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқди.
Етакчилар минтақавий ҳамкорлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашга қаратилган салмоқли ҳужжатлар тўпламини қабул қилди, Қирғизистоннинг БМТ Хавфсизлик Кенгашига номзодини қўллаб-қувватлади, Озарбайжоннинг учрашувлар форматига тўлақонли иштирокчи сифатида қўшилишини тасдиқлади.
Шунингдек, савдо-иқтисодий ҳамкорликни, транспорт ўзаро боғлиқлигини ривожлантириш, энергетика ва сув хавфсизлигини таъминлаш, маданий-гуманитар алмашинувларни кенгайтириш бўйича кейинги қадамлар келишиб олинди. Шу тариқа, Марказий Осиё ишончни тиклаш босқичидан минтақавий шерикликнинг узоқ муддатли моделини шакллантиришга ўтди.
Минтақа мамлакатлари тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни сақлашга хизмат қиладиган яқин сиёсий мулоқотни қўллаб-қувватлашда давом этмоқда. Айнан ушбу тараққиёт БМТ Бош Ассамблеяси томонидан юқори баҳоланиб, қабул қилинган резолюцияга асос бўлди.
Бугунги кунда Марказий Осиё ишонч, тенг ҳуқуқлилик ва ўзаро манфаатдорлик тамойилларига асосланган ижобий регионализмнинг замонавий халқаро амалиётда кам учрайдиган намунасини намоён этмоқда.
Глобал беқарорлик кучайиб бораётган бир шароитда минтақа давлатлари ҳамкорлик ва ўзаро қўллаб-қувватлашга таянмоқда. БМТ Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинган резолюция айнан шу янги сиёсий воқеликни институционал жиҳатдан мустаҳкамлайди.
Ҳужжат ўзининг изчиллиги ва стратегик йўналтирилганлиги билан ажралиб туради. Унинг муқаддимаси БМТ Бош Ассамблеясининг Марказий Осиё бўйича аввалроқ қабул қилинган резолюцияларига таяниб, минтақавий ҳамкорликни қўллаб-қувватлашнинг халқаро-ҳуқуқий асосини шакллантиради.
Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари минтақавий ҳамкорликнинг муҳим механизми сифатида эътироф этилиши принципиал аҳамиятга эгадир. Шу билан БМТ ушбу форматнинг ишончни мустаҳкамлаш ва барқарор ривожланишни таъминлашнинг самарали воситаси сифатидаги халқаро легитимлиги ва зарурлигини ифодалайди.
Резолюцияда иқтисодий интеграция ва ўзаро боғлиқликни ривожлантиришга катта эътибор қаратилган. Унда одамлар, товарлар ва хизматларнинг эркин ҳаракатланиши ягона ҳамкорлик маконини шакллантириш ҳамда барқарор иқтисодий ўсишнинг асоси экани таъкидланади.
Саноат кооперацияси ва кичик ҳамда ўрта корхоналар ўртасидаги ҳамкорликни қўллаб-қувватлаш алоҳида эътиборга лойиқдир. Бу жаҳон иқтисодиётидаги ўзгаришлар шароитида айниқса муҳим. Айнан бизнес даражасида барқарор иқтисодий алоқалар шаклланади, қўшма ишлаб чиқаришлар ташкил этилади, технологиялар трансфери таъминланади ва янги иш ўринлари яратилади.
Марказий Осиёнинг Евроосиёдаги транспорт-логистика ўзаро боғлиқлигининг асосий бўғини сифатидаги ўрни тобора ортиб бораётгани минтақавий интеграцияга алоҳида долзарблик бағишламоқда. Халқаро транспорт йўлакларининг ривожланиши минтақанинг глобал таъминот занжирларидаги аҳамиятини кучайтиради ва давлатлар ўртасида янада мувофиқлаштириш заруратини оширади.
БМТ тизимидаги ихтисослашган муассасалар, жамғармалар ва дастурларни ўз фаолиятини Марказий Осиё мамлакатларининг ўзлари белгилайдиган устуворликларга мувофиқ йўлга қўйишга даъват этиш резолюциянинг муҳим қоидаси бўлди. Шу билан халқаро кўмак миллий ва минтақавий ривожланиш стратегияларини тўлдириши керак деган тамойил тасдиқланади.
Ҳужжатда превентив дипломатиянинг аҳамияти ҳамда БМТнинг Ашхободдаги Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий марказининг можароларнинг олдини олиш ва минтақавий барқарорликни мустаҳкамлашнинг муҳим механизми сифатидаги ўрни таъкидланади.
БМТ Бош Ассамблеяси амалиётида резолюцияларнинг консенсус асосида қабул қилиниши халқаро қўллаб-қувватлаш даражасининг юқорилигидан далолат беради. Мазкур ҳолатда бу жаҳон ҳамжамиятининг Марказий Осиёда кечаётган жараёнларга нисбатан ишончи ортиб бораётганини акс эттиради.
Халқаро тизимнинг парчаланиши давом этаётган, геосиёсий зиддиятлар эса жамоавий ечимларни ишлаб чиқишни тобора қийинлаштираётган шароитда консенсусга эришилгани алоҳида аҳамият касб этади. Ҳужжатнинг турли ташқи сиёсий ёндашувларга эга давлатлар томонидан якдиллик билан қўллаб-қувватланиши унда мустаҳкамланган тамойилларнинг универсал хусусиятини тасдиқлайди.
Ҳаммуаллифлар доирасининг кенглиги ҳам минтақа давлатлари, аввало, Ўзбекистоннинг кенг кўламли дипломатик саъй-ҳаракатлари натижаси бўлди. БМТ амалиётида ҳаммуаллифлик нафақат сиёсий қўллаб-қувватлашни, балки илгари сурилган ташаббусни амалиётга татбиқ этишга кўмаклашишга тайёрликни ҳам англатади.
Қабул қилинган резолюция Марказий Осиёнинг БМТ билан ўзаро муносабатларида сифат жиҳатидан янги босқич бошланганини акс эттиради. Сўнгги йилларда минтақа шунчаки халқаро кўмак объекти бўлишдан чиқиб, глобал кун тартибини шакллантиришнинг мустақил иштирокчиси сифатида фаол намоён бўлмоқда.
2018–2026 йиллар оралиғида БМТ Бош Ассамблеяси Марказий Осиёга бағишланган, жумладан, барқарор ривожланиш, экология, туризм, гиёҳванд моддаларга қарши кураш, превентив дипломатия ва сунъий интеллект масалаларини қамраб олган ўнга яқин резолюцияни қабул қилгани диққатга сазовордир. Уларнинг ҳар бири минтақа давлатларининг замонавий глобал чақириқларга биргаликда жавоб топишга интилаётганини кўрсатади.
БМТ тизими билан ўзаро ҳамкорлик учун қўшимча имкониятлар яратувчи икки томонлама ва минтақавий ҳамкорликни кенгайтириш тўғрисидаги янги резолюциянинг қоидаси муҳим аҳамият касб этади. Бу билан ташкилотнинг Марказий Осиё давлатларининг ўзлари томонидан илгари сурилаётган ташаббусларни қўллаб-қувватлашига асосланган муносабатларнинг янги хусусияти тасдиқланмоқда.
Қабул қилинган резолюцияни фақат эришилган натижаларнинг тасдиғи деб билиш хато бўларди. Ҳужжат, аввало, келажакка йўналтирилган: у сиёсий мўлжалларни мустаҳкамлайди ва минтақавий ҳамкорликни янада ривожлантириш учун замин яратади.
Резолюция Марказий Осиё давлатлари учун иқтисодий интеграцияни чуқурлаштириш ва амалий ҳамкорликни кенгайтиришга қўшимча рағбат бўлиб хизмат қилади. БМТ тизими учун эса у фаолиятни минтақа мамлакатларининг ўзлари белгилаган устуворликларга мувофиқ йўлга қўйишда дастуриламал бўлади. Ҳужжат халқаро ҳамкорларга Марказий Осиё инвестициялар ва қўшма ташаббуслар учун очиқ бўлган барқарор ҳамкорлик макони экани ҳақида аниқ ишора беради.
Сўнгги йилларда Марказий Осиёда юз берган трансформация минтақадан анча йироқда ҳам эътиборга сазовордир. Яқин-яқингача сурункали беқарорлик ҳудуди сифатида қабул қилинган маконда етакчиларнинг сиёсий иродаси, инклюзив мулоқот, ўзаро мақбул ечимларни излаш ва узоқ муддатли шериклик механизмларини ривожлантиришга асосланган янги турдаги минтақавий ҳамкорлик модели шаклланмоқда.
Марказий Осиё тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, ҳатто чегара муаммолари ва сув ресурсларидан фойдаланиш каби энг мураккаб масалалар ҳам музокаралар, ўзаро ҳурмат ва сиёсий муросага келиш йўли билан ҳал этилиши мумкин. Айнан шунинг учун ҳам минтақа халқаро ҳамжамиятда минтақавий ҳамжиҳатлик барқарор ривожланиш ва халқаро барқарорлик омили бўла олишига ёрқин мисол сифатида тобора кўпроқ қизиқиш уйғотмоқда.
Умуман олганда, 2026 йил 20 майда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинган Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорлик ва иқтисодий интеграция тўғрисидаги резолюция минтақадаги янги сиёсий воқеликнинг халқаро миқёсда эътироф этилиши бўлди.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Тошкент саммитида таъкидлаганидек, “Бугун Марказий Осиё – бу барқарор юксалиш ва фаровонлик учун янги имкониятлар очаётган жадал тараққиёт ҳамда самарали ҳамкорлик маконидир”.
Резолюциянинг тарихий аҳамияти шундаки, у Марказий Осиёнинг янги халқаро қиёфасини – ишонч, ўзаро англашув ва бунёдкор ҳамкорлик минтақаси сифатидаги обрўсини мустаҳкамлайди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси