Дэвид Эжингтон: Ўзбекистон ривожланаётган бозор сифатида америкалик инвесторларда катта қизиқиш уйғотмоқда

Октябрь 20, 2026. 17:30 • 2 дақ

• 74
Дэвид Эжингтон: Ўзбекистон ривожланаётган бозор сифатида америкалик инвесторларда катта қизиқиш уйғотмоқда

САМАРҚАНД, 20 октябрь. /“Дунё” АА/. Америка–Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестиция кенгаши йиғилиши иштирокчиси, Американинг “KBR” компанияси стратегия ва ривожланиш бўйича минтақавий директори Дэвид Эжингтон “Дунё” АА мухбирига Ўзбекистондаги инвестиция муҳити ва иқтисодиётнинг турли тармоқларида икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари ҳақида ўз фикрларини билдирди.

– Ўзбекистон ривожланаётган бозор сифатида америкалик инвесторларда катта қизиқиш уйғотмоқда. Кўриб турибмизки, мамлакат ҳукумати тадбиркорликни ривожлантиришга бел боғлаган ва хорижий шериклар билан ҳамкорликка очиқ.

Форум давомида биз “KBR” ва умуман Америка компаниялари билан ҳамкорлик қилишдан манфаатдор бўлган кўплаб бизнес ва ташкилотлар вакиллари билан учрашдик. Биз ушбу имкониятдан жуда мамнунмиз ва келгусидаги ўзаро ҳамкорлик учун яхши истиқболларни кўрмоқдамиз.

Компаниямизга келсак, “KBR” асосан нефть-газ саноати ва инфратузилма лойиҳаларига ихтисослашган. Биз муҳандислик лойиҳаларини бошқариш, технологияларни лицензиялаш ҳамда бошқа техник ва муҳандислик ечимларини амалга ошириш бўйича хизматлар кўрсатамиз.

Шу билан бирга, Ўзбекистонда Америка бизнеси учун имкониятлар анча кенг бўлиб, нефть-газ сектори ва ахборот технологияларидан тортиб инфратузилма, меҳмонхона бизнеси ва хизмат кўрсатиш соҳаларигача бўлган турли йўналишларни қамраб олади.

Шунингдек ўқинг

Фикримча, Қўшма Штатлар ва Ўзбекистон ўртасидаги тижорий муносабатларни янада ривожлантириш учун катта имкониятлар мавжуд. Ўзаро манфаатдорлик, мулоқотга тайёрлик ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларининг уйғунлиги мамлакатларимиз ўртасидаги ишбилармонлик алоқаларини кенгайтиришга замин яратади.

Ўзбекистон хорижий инвестицияларни жалб этиш ва бизнес юритиш учун қулай шарт-шароитлар яратишдан манфаатдорлигини намоён этмоқда. Қўшма Штатлар билан мустаҳкам муносабатларнинг мавжудлиги ва мамлакатнинг халқаро шерикликка очиқлиги ҳам муҳим роль ўйнайди.

Бундан ташқари, инвестицияларни жалб қилиш бўйича амалга оширилаётган механизмлар ва дастурлар хорижий компаниялар учун янги имкониятларни шакллантиришга хизмат қилмоқда.

Буларнинг барчаси ҳамкорлик истиқболларига ишонч билан қараш имконини беради. Биз ишбилармонлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга умид қиламиз ва истиқболли лойиҳаларни амалга оширишни режалаштирмоқдамиз.

Узоқ муддатли шерикликни ривожлантиришда иштирок этган ҳолда, “KBR” компаниясининг Ўзбекистондаги фаолиятини кенгайтириш имкониятини интиқлик билан кутамиз.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш