Бирмингемда Ўзбек тили байрамига бағишланган “Заковат” интеллектуал ўйини ўтказилди
Октябрь 20, 2026. 17:00 • 2 дақ
• 70БИРМИНГЕМ, 20 октябрь. /“Дунё” АА/. Мамлакатимизнинг Буюк Британиядаги элчихонаси ташаббуси билан Бирмингем университетида Ўзбек тили байрами муносабати билан “Заковат” интеллектуал ўйини ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ушбу интеллектуал беллашув Буюк Британиядаги Ўзбекистонлик талабалар уюшмаси (UzSU) ҳамда Бирмингем университети ҳузуридаги “Ўзбек жамияти” ҳамкорлигида ўтказилди.
Мусобақа Британияда таҳсил олаётган ўзбекистонлик ёшларни бирлаштириш, уларнинг интеллектуал ва ижодий салоҳиятини намоён этиш, миллий тилимиз ва маданиятимизни кенг тарғиб қилиш, талабалар ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга қаратилди.
Беллашувда Бирмингем, Манчестер, Бристоль, Ливерпуль, Уорвик ва Британиянинг бошқа шаҳарларида таълим олаётган юз нафардан зиёд талаба қатнашди. Иштирокчилар 16 та жамоага бўлинган ҳолда билим ва мантиқий фикрлаш борасида ўз маҳоратларини синовдан ўтказди. Улар орасида UzSU аъзолари, “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиатлари ҳамда Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси фаоллари ҳам бор эди.
Тадбир давомида иштирокчиларга “Эл-юрт умиди” жамғармаси ҳамда “Заковат” интеллектуал клуби раҳбариятининг видеомурожаати ва табриклари етказилди.
Мусобақа кўтаринки руҳда, қизғин ва муросасиз интеллектуал баҳслар остида ўтди. Жамоалар ўз билими, тезкор фикрлаш қобилияти ва ҳамжиҳатликда ишлаш маҳоратини намоён этди.
Фахрли ўринларни эгаллаган жамоаларга элчихона томонидан фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди. Иштирокчиларга ўзбек миллий таомлари тортилди.
Тадбирнинг Бирмингем университетида ўтказилиши алоҳида аҳамият касб этади. 1900 йилда ташкил этилган мазкур олий таълим муассасаси Англиядаги биринчи фуқаролик университети ҳисобланади. Бугунги кунда у Британиянинг етакчи илмий-тадқиқот университетларидан бири бўлиб, жаҳоннинг ТОП-100 университетлари рейтингига киради.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси


