Ўзбекистон ва Қозоғистон чегарасидаги иккита ўтказиш пункти халқаро мақомга эга бўлади

Июль 02, 2026. 21:00 • 2 дақ

35
Ўзбекистон ва Қозоғистон чегарасидаги иккита ўтказиш пункти халқаро мақомга эга бўлади

ОСТОНА, 2 июль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳукуматлари давлат чегараси режими тўғрисидаги битимга ўзгартиш киритиш ҳақидаги протоколни Қозоғистон томони ратификация қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири “Kazinform” халқаро ахборот агентлиги маълумотига таяниб.

Ҳужжатга мувофиқ, “Сирдарё – Малик” ва “Целинний – Оқ олтин” автомобиль ўтиш пунктлари икки томонлама мақомдан халқаро мақомга ўтказилади. Шунингдек, мазкур пунктлар кундузги иш режими ўрнига кеча-кундуз фаолият юритади.

Протоколга кўра, ҳар икки ўтиш пунктининг фаолият йўналиши ҳам ўзгаради. Улар фақат енгил автотранспорт воситалари ҳаракати учун мўлжалланган тоифадан юк ва йўловчи транспорт воситалари ҳаракатига хизмат кўрсатувчи тоифага ўтказилади.

“Целинний – Оқ олтин” ўтиш пункти орқали енгил автомобиллар, бўш юк автомашиналари, шунингдек, йирик ҳажмли ва оғир вазнли юклар ҳамда товарларни ташишга рухсат берилади.

“Сирдарё – Малик” ўтиш пункти орқали эса тижорат юклари ва товарларини ўтказиш назарда тутилмаган бўлиб, фақат енгил автомобиллар ҳамда бўш юк автомашиналари ҳаракатланиши мумкин бўлади.

Таъкидланишича, мазкур протоколнинг амалий ижроси Қозоғистон–Ўзбекистон давлат чегарасидаги ўтиш пунктлари инфратузилмасини модернизация қилиш, шунингдек, транспорт ва йўловчилар оқимини янада самарали тақсимлаш имконини беради.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш