Ўзбекистон ва Россиянинг Ленинград вилояти мутахассислари ўртасида рақамли тиббиёт соҳасида ҳамкорлик бўйича мулоқот бўлиб ўтди
Июль 02, 2026. 21:30 • 2 дақ
• 64
САНКТ-ПЕТЕРБУРГ, 2 июль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Ленинград вилояти Соғлиқни сақлаш қўмитаси раҳбарияти ўртасида онлайн учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ўткир коронар синдромли беморларга тиббий ёрдам кўрсатиш, шунингдек, беморларнинг саломатлик кўрсаткичларини масофадан мониторинг қилишни ташкил этиш соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари музокараларнинг асосий мавзуси бўлди.
Учрашувда Ўзбекистон томонининг тегишли бўлинмалари — Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Бирламчи тиббий-санитария ёрдамини ташкил этиш бошқармаси, Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази ва Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази раҳбарлари иштирок этди.
Тадбир давомида Ленинград вилояти Соғлиқни сақлаш қўмитаси раиси ўринбосари Алексей Вальденберг ушбу йўналишларда вилоят тажрибасини, хусусан, ўткир коронар синдромларда тиббий ёрдам кўрсатиш методологияси ва эришилган натижаларни тақдим этди.
“Bluetooth” ва интернет технологиялари орқали тиббий асбоблардан олинган маълумотларни ягона электрон базага узатишга асосланган беморларни масофадан мониторинг қилиш тизими тақдимотига алоҳида эътибор қаратилди.
Алексей Вальденбергнинг сўзларига кўра, ушбу технология интернет алоқаси беқарор бўлган чекка аҳоли пунктларида яшовчи беморларни узлуксиз масофадан кузатиш имконини беради. Бу эса тиббий ёрдамнинг қулайлиги ва сифатини сезиларли даражада оширади.
Тақдимот якунида томонларни қизиқтирган масалалар муҳокама қилинди. Учрашув сўнгида Алексей Вальденберг иштирокчиларни Ленинград вилояти тиббиёт муассасаларига ташриф буюриб, тизим фаолияти билан яқиндан танишишга таклиф қилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси