БАА компанияси Ўзбекистонда 100 та диагностика маркази ташкил этиш лойиҳасини тақдим қилди

Май 12, 2026. 10:25 • 2 дақ

21
БАА компанияси Ўзбекистонда 100 та диагностика маркази ташкил этиш лойиҳасини тақдим қилди

АБУ-ДАБИ, 12 май. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг БААдаги элчиси Умид Шодиев ушбу давлатдаги нуфузли “Unison Capital Investment” компанияси ижрочи директори Тамер Акл билан учрашди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Музокаралар давомида давлат-хусусий шериклик (ДХШ) асосида соғлиқни сақлаш соҳасида замонавий инфратузилмани ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Мулоқот чоғида Фарғона вилоятида ДХШ асосида компьютер томографияси бўлимларини ташкил этиш инвестиция лойиҳасини амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди.

Шунингдек, компания республика бўйлаб 100 та тўлиқ циклли диагностика марказларини ташкил этиш режаларини тақдим этди. Ушбу марказларда МСКТ, МРТ, рентгенография, гемодиализ ва лаборатория диагностикаси хизматларини жорий этиш кўзда тутилмоқда. Бу аҳолига замонавий ва сифатли тиббий хизматларни янада кенгроқ етказиш имконини беради.

Учрашув давомида “Unison Capital Investment” раҳбариятининг Тошкент халқаро инвестиция форумида иштирок этиши, форум доирасида Инвестициялар, саноат ва савдо ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирликлари раҳбарлари билан мазкур лойиҳаларни амалга ошириш бўйича музокаралар ўтказишга келишиб олинди.

Мазкур ташаббуслар ҳудудларда замонавий тиббий хизматлар қамровини кенгайтириш, аҳоли учун юқори технологияли диагностика хизматларини арзон ва қулай қилиш ҳамда соғлиқни сақлаш соҳасига хорижий инвестицияларни жалб этишда муҳим аҳамият касб этади.

“Unison Capital Investment” – соғлиқни сақлаш ва капитал талаб қиладиган йўналишларда инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга ихтисослашган хусусий инвестиция компанияси ҳисобланади. Компания тиббий инфратузилмани ривожлантириш, инвестицияларни бошқариш ҳамда давлат-хусусий шериклик асосида лойиҳаларни амалга ошириш соҳасида фаолият юритади.

Бундан ташқари, компания минтақа бўйича биринчи бўлиб БАА Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда ДХШ модели асосида тиббий инфратузилма лойиҳаларини амалга ошираётган хусусий ташкилотлардан биридир.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш