Ўзбекистон элчиси ва Исломобод шаҳар ҳокими Покистон пойтахтида қурилаётган «Бобур» боғи ва «Тошкент» кўчасидаги бунёдкорлик ишлари билан танишдилар
Май 12, 2026. 08:10 • 3 дақ
• 1ИСЛОМОБОД, 12 май. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев Исломобод шаҳар маъмурияти раиси (ҳокими) Соҳаил Ашраф билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мулоқот чоғида Исломобод шаҳрида Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан барпо этилаётган «Бобур» боғи ва «Тошкент» кўчаси лойиҳаларини янада такомиллаштириш, шунингдек, Ўзбекистон-Покистон ўртасида ҳудудлараро ҳамкорликни чуқурлаштириш масалалари кўриб чиқилди.
Покистон томонига 2026 йил июнь ойида Ўзбекистонда Биродарлашган шаҳарлар форуми ўтказилиши ҳақида маълумот берилди. Исломобод шаҳри ва Тошкент ҳамда Самарқанд шаҳарлари билан биродарлик алоқалари ўрнатилгани инобатга олган ҳолда, Покистон пойтахти маъмурияти вакиллари мазкур форумда иштирок этиши, шунингдек, Фарғона шаҳри билан биродарлик муносабатларини ўрнатиш бўйича янги битим имзолаш бўйича таклифлар илгари сурилди.
Расмий музокаралардан сўнг томонлар Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Покистонга давлат ташрифи доирасида бунёд этилиши эълон қилинган «Бобур» боғига ташриф буюриб, қурилиш ишларининг бориши билан танишдилар.
Ўзбекистон элчиси «Бобур» боғининг лойиҳаси ва қурилиш ишларининг бориши ҳақида батафсил маълумот берди.
– Боғ қурилиши ўзбекистонлик дизайнерлар ва мутахассислари назорати остида амалга оширилмоқда. Ҳудуд муҳитини янада чиройли қилиш учун экологик тоза кўчатлар экиш ва ландшафт ишлари бажарилади, – деди элчи. – Келгусида, ушбу боғ Ўзбекистон ва Покистон халқлари ўртасидаги мустаҳкам дўстлик, биродарлик ҳамда умумий тарихий ва маданий ришталар рамзига айланади.
Исломобод шаҳар маъмурияти раиси Соҳаил Ашраф мазкур лойиҳани юксак баҳолаб, бундай муҳим ташаббус учун Ўзбекистон Президентига миннатдорлик билдирди.
– Қурилиш ишлари якунлангач, мазкур боғ нафақат Исломобод, балки бутун Покистондаги энг гўзал ва замонавий дам олиш масканларидан бири бўлишига ишончим комил, – деди у. – Лойиҳани амалга ошириш жараёнида Исломобод шаҳар маъмурияти томонидан барча зарур кўмак кўрсатилади. «Бобур» боғи лойиҳасининг юқори даражада ишлаб чиқилгани, унда қўлланилган меъморий ва ландшафт ечимлари бизда катта қизиқиш уйғотмоқда. Шу муносабат билан, шаҳримиздаги боғ ва ҳудудларни ободонлаштириш бўйича шунга ўхшаш концепцияларни ишлаб чиқиш учун ўзбекистонлик дизайнер ва лойиҳачиларни жалб этишга тайёрмиз.
Боғга ташриф давомида мавжуд дарахтларни сақлаб қолиш, «яшил» ҳудудлар майдонини кенгайтириш ва экологик муҳитни асраш муҳим экани ҳам таъкидланди.
Шунингдек, Ўзбекистон дипломатик ваколатхонаси раҳбари ва Исломобод шаҳар маъмурияти раиси Покистон пойтахтида барпо этилаётган «Тошкент» кўчасига ташриф буюриб, уни намунали ва замонавий шаҳар кўчаларидан бирига айлантириш бўйича истиқболдаги вазифаларни белгилаб олдилар.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси







