“Халқаро миграция форуми–2026”: Тошкент глобал миграция сиёсати юзасидан халқаро мулоқот марказига айланади

Май 11, 2026. 21:14 • 2 дақ

56
“Халқаро миграция форуми–2026”: Тошкент глобал миграция сиёсати юзасидан халқаро мулоқот марказига айланади

ТОШКЕНТ, 11 май. /“Дунё” АА/. 2026 йил 18–19 май кунлари пойтахтимизда “Меҳнат мигрантлари ва уларнинг оила аъзоларининг ижтимоий-ҳуқуқий ҳимояси” мавзусида “Халқаро миграция форуми–2026” бўлиб ўтади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги ҳамда International Organization for Migration ҳамкорлигида ташкил этилаётган мазкур нуфузли анжуман меҳнат миграцияси соҳасидаги замонавий ёндашувлар, мигрантлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, хавфсиз ва қонуний миграция механизмларини такомиллаштириш ҳамда халқаро ҳамкорликни янада кенгайтириш масалаларига бағишланади.

Форум доирасида халқаро экспертлар иштирокида пленар сессиялар, меҳнат миграцияси, касбий малакалар, гендер тенглиги, ёшлар сиёсати ва иқлим ўзгаришининг миграцион жараёнларга таъсирига бағишланган панел муҳокамалари ташкил этилиши режалаштирилган.

Шунингдек, иш берувчилар, давлат идоралари ва халқаро ташкилотлар ўртасида икки ва кўп томонлама учрашувлар, халқаро ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари учун матбуот анжумани ҳам ўтказилади.

Тадбирда БМТ тизими ташкилотлари, халқаро институтлар, давлат ва ҳукумат органлари, Европа ва Осиё мамлакатларидан иш берувчилар, фуқаролик жамияти институтлари, экспертлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этиши кутилмоқда. Жами 300 нафардан ортиқ халқаро иштирокчи қатнашади.

Форумнинг асосий ғояси хавфсиз, тартибли ва қонуний миграцияни таъминлаш орқали инсон қадрини улуғлаш ва барқарор тараққиётга хизмат қилувчи самарали халқаро ҳамкорлик механизмларини мустаҳкамлашдан иборат.

Таъкидлаш жоизки, мазкур форум Ўзбекистоннинг миграция соҳасидаги очиқ ва инсонпарвар сиёсати, шунингдек, мамлакатнинг халқаро мулоқот ва конструктив ташаббуслар маркази сифатидаги нуфузини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Shahzoda Kuchkarova

shahzoda@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш