“AjP”: Ўзбекистон Конституциясида тинчликсевар ташқи сиёсат ва яхши қўшничилик тамойиллари мустаҳкамлаб қўйилган
Ноябрь 28, 2026. 11:30 • 2 дақ
• 56
СЕУЛ, 28 ноябрь. /“Дунё” АА/. Жанубий Кореянинг “AjP” газетасида Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институти шўба мудири, профессор Баҳодир Исмоиловнинг “Конституция Янги Ўзбекистон ташқи сиёсатининг стратегик йўналтирувчиси сифатида” сарлавҳали мақоласи эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақолада ёзилишича, бугунги кунда дунё ҳамжамияти трансформация даврини бошдан кечирмоқда, геосиёсий зиддиятлар кескинлашмоқда. Бундай шароитда 2023 йил 30 апрель куни умумхалқ референдуми орқали қабул қилинган янги таҳрирдаги Конституция Ўзбекистон учун фундаментал таянчга айланмоқда.
Янгиланган Асосий қонун ички демократик ўзгаришларни мустаҳкамлади ва ташқи сиёсий доктринани сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиб, очиқлик ҳамда прагматизм йўлини конституциявий нормага айлантирди.
Нашрда фаол ташқи сиёсат натижасида Ўзбекистон 168 та давлат билан дипломатик муносабатлар ўрнатгани алоҳида қайд этилган. Тошкентда 47 та элчихона, 3 та Бош консулхона, 13 нафар фахрий консул ва ўнлаб халқаро ташкилотларнинг ваколатхоналари фаолият юритмоқда. Хорижда эса юртимизнинг 60 та дипломатик ва консуллик ваколатхонаси ишлаб турибди. Мамлакатимиз БМТ, ЕХҲТ, ШҲТ, МДҲ ва Туркий давлатлар ташкилоти каби 100 дан ортиқ халқаро тузилмаларга аъзо.
Мақола муаллифининг таъкидлашича, Конституция тинчликсевар ташқи сиёсат ва яхши қўшничилик асосларини мустаҳкамлаб, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган тамойилларига содиқликни ифодалайди. У стратегиянинг ўрнини босмайди, балки халқаро вазият ҳар қандай ўзгарган тақдирда ҳам қайси мақсадлар ўзгаришсиз қолишини белгилайдиган мустаҳкам асосни яратади.
“Сўнгги йиллардаги асосий ютуқлардан бири Марказий Осиёда сиёсий муҳитнинг тубдан соғломлаштирилиши бўлди. Янгиланган Конституция бу йўлни узоқ муддатли стратегик устувор вазифа сифатида муҳрлади. Чегарадош давлатлар билан ўзаро ҳурмат асосида дўстона, яхши қўшничилик муносабатларига интилиш юқори юридик кучга эга бўлди”, – дейилган мақолада.
Янгиланган Конституция тамойиллар барқарорлигини дипломатия мослашувчанлиги билан уйғунлаштиради. У Ўзбекистон ўз мустақиллигини сақлаб қолган ҳолда кўп векторли мулоқот олиб бориши, минтақавий алоқаларни мустаҳкамлаши ва халқаро ҳамкорликни кенгайтириши учун тегишли доирани белгилаб беради.
Материал хулосасида қайд этилишича, конституциявий нормалар қўшнилар билан тинч-тотув муносабатлар, янги иқтисодий имкониятлар, фуқароларнинг ишончли ҳимояси ва умумий муаммоларни ҳал этишдаги иштирок каби амалий натижаларда ўз ифодасини топсагина, Янги Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати муваффақиятли бўлади. Янгиланган Конституциянинг ўрни ҳам айнан шундан иборат – у нафақат ҳуқуқий асос, балки ташқи сиёсатнинг стратегик мўлжали бўлиб хизмат қилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси