Сити Руҳаини Жуҳаятин: Бугунги кунда Ўзбекистон Индонезия аҳолиси учун жозибадор сайёҳлик манзилларидан бирига айланмоқда

Ноябрь 28, 2026. 12:00 • 3 дақ

• 37
Сити Руҳаини Жуҳаятин: Бугунги кунда Ўзбекистон Индонезия аҳолиси учун жозибадор сайёҳлик манзилларидан бирига айланмоқда

ТОШКЕНТ, 28 ноябрь. /“Дунё” АА/. Индонезиянинг мамлакатимиздаги элчиси Сити Руҳаини Жуҳаятин 2027 йил – Халқаро барқарор ва яшовчан туризм йилининг расмий очилишига бағишланган маросим доирасида “Дунё” АА мухбирига интервью берди.

– Бугун ушбу форумда Индонезия ҳукумати вакили сифатида иштирок этаётганимдан жуда мамнунман. Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистонда диққатга сазовор жойларнинг бунёд этилиши, туризмни ривожлантириш бўйича кенг кўламли ислоҳотларнинг амалга оширилишини юксак қадрлайман.

Туризм – бу, аввало, хилма-хиллик ва ўзига хосликни ҳурмат қилиш, уларнинг қадрига етиш демакдир. Бу биз ягона глобал ҳамжамиятнинг бир қисми сифатида яшаётган дунёни биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан янада яхшироқ қилишимиз лозимлигини англатади.

Ўзбекистон Президенти ҳам ушбу тадбир иштирокчиларига табрик йўллади. Давлат раҳбарининг мурожаати жуда мазмунли ва таъсирли бўлди. Туризм – меросни асраб-авайлаш, маърифат ва атроф-муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишдир. Бугун биз эга бўлган неъматлар нафақат ўзимизга, балки келажак авлодларга ҳам тегишлидир. Ҳозир биз баҳраманд бўлаётган табиий бойликлар биздан кейин келадиган авлодлар учун ҳам сақлаб қолиниши керак.

Ушбу мурожаат нафақат форум иштирокчиларига, балки бутун жаҳон ҳамжамиятига қаратилган. Ўзбекистон тарихий мерос ва табиий бойликларни асраб-авайлаш йўлидаги саъй-ҳаракатларни бирлаштиришда етакчи роль ўйнайди. Бу борада мамлакат келажакнинг комплекс ва барқарор туризми бўйича жозибадор йўналишлардан бирига айланиш учун барча шарт-шароитларга эга.

Шу билан бирга, Ўзбекистон, хусусан, “Умра плюс” дастури Индонезия аҳолисида катта қизиқиш уйғотмоқда. Элчихонамиз ҳам ушбу йўналишни ривожлантиришдан манфаатдор. Шахсан ўзим Ўзбекистонда кўпроқ вақт ўтказишни истардим.

Шунингдек ўқинг

Индонезияликлар учун Ўзбекистон шунчаки сайёҳлик йўналиши эмас, балки муҳим зиёратгоҳ ҳамдир. Бу, хусусан, Имом ал-Бухорий ва бошқа кўплаб буюк уламоларнинг номлари шу замин билан чамбарчас боғлиқлиги билан изоҳланади. Шу боис, бугунги кунда Ўзбекистон Индонезия аҳолиси учун жозибадор сайёҳлик манзилларидан бирига айланмоқда.

Ҳозирги вақтда Индонезиянинг Тошкентдаги ва Ўзбекистоннинг Жакартадаги элчихоналари Ўзбекистонга “Умра плюс” сайёҳлик дастурларини тарғиб қилиш ва қўллаб-қувватлаш устида биргаликда иш олиб бормоқда.

Ҳар йили Индонезиянинг 700 мингга яқин фуқароси “Умра плюс” дастури бўйича турли минтақаларга сафар қилади. Умид қиламизки, Ўзбекистон ушбу йўналиш салоҳиятини рўёбга чиқара олади ва бундай дастурларнинг янада кўпроқ иштирокчиларини жалб этади.

Ўз навбатида, Индонезия ҳам ўзбекистонлик дўстларни мамлакатимизга ташриф буюриш, унинг бой маданияти билан танишиш ва гўзаллигидан баҳраманд бўлишга таклиф этади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш