“Al-Ahram” газетаси: Ўзбекистон ислом цивилизациясининг янги юксалиш марказига айланмоқда

Июль 15, 2026. 14:30 • 2 дақ

16
“Al-Ahram” газетаси: Ўзбекистон ислом цивилизациясининг янги юксалиш марказига айланмоқда

ҚОҲИРА, 15 июль. /“Дунё” АА/. Мисрнинг энг йирик кундалик “Al-Ahram” газетасида Миср Бош муфтийси катта маслаҳатчиси Иброҳим Нажмнинг Тошкент, Самарқанд ва Термиз шаҳарларида бўлиб ўтган I Халқаро Ислом цивилизацияси форумидаги иштирокига бағишланган мақоласи эълон қилинди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Муаллифнинг таъкидлашича, “Ислом цивилизацияси: тинчлик, бағрикенглик ва илм-маърифат йўли” мавзусида ўтказилган ушбу форум у кутганидан-да юксак савияда ташкил этилган. Олим, айниқса,  Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази унда унутилмас таассурот қолдирганини алоҳида таъкидлаган.

Мақолада муаллиф марказда сақланаётган ноёб қўлёзмалар, минг йиллик Қуръон нусхалари ва замонавий экспозиция технологияларидан ҳайратланганини ёзган. Унинг фикрича, бу масканда ўтмиш ва тарих шунчаки намойиш этилмаган, балки ҳар бир экспонат замонавий шаклда қайта “жонлантирилган”.

Шунингдек ўқинг

Иброҳим Нажм Ҳарвард университетидаги талабалик йилларини эслаб, “Цивилизациялар тўқнашуви” назарияси ҳақида фикр юритган. Бу назарияда Ислом Ғарб учун асосий рақиб сифатида талқин этилган бўлса-да, муаллиф унинг илмий асосларига доимо шубҳа билан қараганини қайд этади. Унинг айтишича, Ислом цивилизацияси ҳеч қачон ҳаракатсиз бўлмаган ёки тараққиётдан ортда қолмаган.

Ўзбекистонга ташрифи давомида Иброҳим Нажм бу ердаги тарихий ва замонавий обидаларни, хусусан, Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий мажмуаси, Ҳаким ат-Термизий мақбараси ва ислом оламини улуғловчи бошқа масканларни кўздан кечириб, ислом цивилизацияси ва унинг маънавий-илмий мероси тобора ривожланиб, янги тараққиёт босқичига қадам қўяётганини эътироф этган.

Муаллиф Ислом цивилизацияси марказида сақланаётган Усмон мусҳафи нафақат Ўзбекистоннинг, балки бутун ислом оламининг энг қимматли ёзма меросларидан бири экани, Қуръон матнининг илк даврларда сақланиш тарихини ўрганишда муҳим манба ҳисобланишини таъкидлаган.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш