“Asdaa Oman” газетаси: Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги транспорт-логистика ҳамкорлиги стратегик аҳамият касб этмоқда
Июль 07, 2026. 12:00 • 3 дақ
• 7
МАСКАТ, 7 июль. /“Дунё” АА/. Ўмоннинг нуфузли “Asdaa Oman” газетасида Евроосиёда барқарор транспорт йўналишларини ривожлантиришда Ўзбекистон ва Беларусь ҳамкорлигига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақолада ёзилишича, Ўзбекистон ва Беларусь транспорт-логистика соҳасида МДҲ ва ШҲТ доирасида, шунингдек, бошқа ихтисослашган халқаро тузилмалар платформаларида фаол мулоқот олиб бормоқда.
Икки мамлакат ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажмининг ўсиши транспорт алоқалари ривожида яққол намоён бўлмоқда. Хусусан, 2025 йил якунларига кўра, икки давлат ўртасидаги юк ташиш ҳажми ўтган йилга нисбатан 30 фоизга ошиб, 850 минг тоннага етди. Бугунги кунда Беларусь Ўзбекистоннинг ташқи савдо ҳамкорлари орасида юк ташиш ҳажми бўйича кучли ўнталикдан жой олган.
Нашрда Евроосиё маконида Шарқ–Ғарб ва Шимол–Жануб йўналишлари бўйича аралаш (мультимодал) транспорт турларидан фойдаланган ҳолда янги халқаро йўлакларни яратиш стратегик аҳамият касб этаётганига эътибор қаратилган.
Хусусан, денгиз портларига чиқувчи муқобил транспорт маршрутларини шакллантириш. Бу ўринда Беларусь–Россия–Қозоғистон–Ўзбекистон–Афғонистон–Покистон–Ҳинд океани портлари халқаро транспорт йўлаги ҳақида сўз бормоқда.
2023 йилда Ўзбекистон, Россия ва Қозоғистон томонидан пойдевори қўйилган ушбу лойиҳага 2024 йилда Беларусь ва Покистон қўшилди. Ҳозирда Афғонистонни жалб этиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда. Жорий йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистон ҳудуди орқали жанубий йўналишдаги транзит юклар ҳажми 23 фоизга ошиб, 1,8 миллион тоннага етгани мазкур йўналишнинг улкан имкониятларини намоён этмоқда.
Шу билан бирга, соҳа учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш. Беларусь транспорт тармоғи учун кадрлар тайёрлаш бўйича кучли илмий мактабга эга. Гомелдаги Беларусь давлат транспорт университети ва Тошкент давлат транспорт университети ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш орқали мутахассислар малакасини ошириш, талабалар ва тадқиқотчиларнинг академик мобиллигини таъминлаш, мультимодал ташишлар ҳамда халқаро логистика йўналишларида қўшма илмий изланишлар олиб бориш назарда тутилган.
Автотранспортда рухсатнома ҳужжатлари алмашинувини рақамлаштириш тизими ҳам муҳим аҳамиятга эга. Электрон рухсатнома бланкаларини алмашиш – “E-permit” тизимини жорий этиш муҳим амалий қадам сифатида қайд этилган.
Бугунги кунда Ўзбекистон ушбу тизимни Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Хитой ва Туркия билан тўлиқ йўлга қўйган. Мазкур рақамли тизимнинг Беларусь билан ҳам жорий этилиши ҳужжатлар алмашинувида шаффофликни таъминлайди, инсон омилини истисно этади ҳамда икки мамлакат ўртасида ортиб бораётган автотранспорт ташувлари устидан назоратни кучайтиради.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси