“Kazinform” агентлиги: Ўзбекистонда аҳолини рўйхатга олишнинг дастлабки натижалари эълон қилинди
Июль 06, 2026. 14:30 • 2 дақ
• 117
ОСТОНА, 6 июль. /“Дунё” АА/. Қозоғистоннинг “Kazinform” ахборот агентлигида Ўзбекистонда ўтказилган аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишнинг дастлабки натижаларига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақолада ёзилишича, бугунги кунда Ўзбекистон аҳолисининг умумий сони 39 миллион 47 минг 321 кишини ташкил этмоқда. Бу кўрсаткич 1989 йилда ўтказилган сўнгги аҳолини рўйхатга олиш маълумотларига нисбатан икки баробар кўпдир.
Таъкидланишича, ушбу демографик тадбир Президент Шавкат Мирзиёевнинг тегишли фармонига мувофиқ, мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ва демографик кўрсаткичлари базасини шакллантириш мақсадида амалга оширилди.
Қозоғистон ахборот агентлиги Ўзбекистон аҳолисининг этник таркиби бўйича ҳам маълумотларни келтирган. Унга кўра, ўзбеклар 89,4 фоиз, тожиклар 3,3 фоиз, қорақалпоқлар 2,2 фоиз, қозоқлар 1,8 фоиз, руслар 1,6 фоиз, қирғизлар 0,6 фоиз, туркманлар эса 0,5 фоизни ташкил этган. Шу билан бирга, мамлакат аҳолисининг 91,3 фоизи ўзбек тилини она тили деб кўрсатгани маълум қилинган.
Нашрда таъкидланишича, Ўзбекистонда 1989 йилдан буён аҳолини рўйхатга олиш тадбири ўтказилмаган эди. Пандемия сабабли ушбу жараён аввал 2022 йилдан 2023 йилнинг ноябрь ойига, сўнгра яна бир муддатга кечиктирилган.
Рўйхатга олишнинг биринчи босқичи 15–31 январь кунлари, иккинчи босқичи эса жорий йилнинг 4–28 февраль кунлари ўтказилди. Жараён икки асосий йўналишда — онлайн маълумот йиғиш ва уй-жойларга бевосита ташриф буюриб, сўровнома ўтказиш шаклида ташкил этилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси